Дайди итларни нега назорат қилиб бўлмаяпти? Ёхуд бу тизимдаги муаммоларга бир назар
Кейинги пайтда ҳудудларда дайди итлар кўпайиб бораётгани кўпчиликни ташвишлантирмоқда. Буни аҳолидан тушаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ҳам тасдиқлаб турибди. Хусусан, яқинда ижтимоий тармоқларда Самарқандда ёш болага кўча итлари ҳужум қилгани ҳақидаги тасвир тарқалгач, баъзи ҳудудларда дайди итларни оммавий қириш бошлангани ҳақида гап-сўзлар бўлди.
Хўш, вилоятда итлар вақтида эмланяптими, кўча итлари учун махсус жой йўқми, уларни ким назорат қилади?
Вилоятда 3246 нафар одамга ит ва мушуклар томонидан жароҳат етказилган
Вилоят ветеринария ва чорвачилик бошқармасининг маълум қилишича, вилоят бўйича 406 минг 802 бош ит ва 11 минг 170 бош мушук рўйхатга олинган. Жорий йилнинг ўтган даврида 334 минг 594 бош ит, 5473 бош мушук қутуришга қарши эмланиб, 362 минг 560 бош ит ва 7590 бош мушук клиник кўрикдан ўтказилган. Шунингдек, 393 минг 835 та хонадонга ит ва мушукларни сақлаш тартиби тушунтирилган.
Бир қарашда бу рақамлардан уй ҳайвонларини назорат қилиш ишлари белгиланган тартибда олиб борилаётганга ўхшайди. Аслида ҳам шундайми? Нега унда дайди итлар кўпайиб кетяпти, кўча итларини овлаш мумкинми ўзи?
- Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 1129 нафар фуқарога эгали ва 2117 нафар одамга дайди ит ва мушуклар томонидан жароҳат етказилган, - дейди вилоят ветеринария ва чорвачилик бошқармаси эпизоотологи Ҳамдам Умаров. – Хайриятки, мазкур ҳолатда одамларда ҳам ҳайвонларда ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмади. Уч йил олдин дайди ит ва мушукларни овлаш, заҳарли хўрак билан йўқ қилиш мумкин эди. 2021 йилда Жиноят кодексига ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги модда киритилди.
Унга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа мақсадларда уларга азият етказиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаганлик учун маъмурий чора қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, БҲМнинг 25 дан 50 бараваригача жарима, 240 соатгача жамоат ишлари, 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача қамоқ жазоси қўлланилиши белгиланди. Шу асосда ҳозир дайди итлар овланмасдан махсус пунктларда сақланяпти. Аммо вилоятда бундай жой фақат Самарқанд шаҳрида бор, туманларда эса умуман йўқ. Шунинг учун вилоятда дайди итлар сони кўпайиб бормоқда.
Шаҳарда ҳам итларни эплаб бўлмаяпти. Муаммо нимада?
Туманларни қўйиб турайлик, сайёҳлик марказига айлантирилиши режалаштирилаётган кўҳна кентда дайди итларнинг кўпайиб бораётгани барча самарқандликларни ва шаҳримизга келган меҳмонларнинг ҳам дилини хира қилиши аниқ. Итлар бир йилда уч марта болалашини ҳисобга олсак, кўчада юрган битта дайди ит келгуси йилда ҳеч бўлмаганда тўрттагача кўпаяди. Бу итлар зотидан қатъий назар, уч ойликдан бошлаб вакцинация қилиниши керак.
Вазирлар Маҳкамасининг “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, кўп қаватли уйларда биттадан ит ва мушукларни сақлашга рухсат берилган, у ҳам бўлса ён-атрофда яшаётганларнинг розилиги билан. Самарқанд шаҳрида 1200 дан ортиқ кўп қаватли уйлар бор. Аммо Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачилик бўлими берган маълумотларга қараганда шаҳарда 6270 бош ит ва мушук рўйхатга олинган. Маҳалла ва бошқа обеъктлардаги итлар ҳисобга олинганда ҳам бу белгиланган рақамдагидан икки мартага кўп, дегани. Хўш, шаҳарга бунча ит қаердан келяпти?
Битта итни сақлаш учун, унинг ҳажмига қараб, 6 дан 9 квадрат метргача кушхона керак бўлади. Шу мақсадда ўтган йили дайди итларни тутиш ва уларнинг бошпанаси учун Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси қошида Хишрав қўрғонида назоратсиз ҳайвонларни вақтинча сақлаш жойи ташкил этилди.
- Ҳайвонларни тутиш учун учта бригада фаолият кўрсатмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўлим бошлиғи Адҳам Ҳамраев. - Ҳар битта бригадага уч нафардан ит овловчи Сиёб, Боғишамол ҳамда Темирйўл ҳудудларига бириктирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида бўлим ходимлари томонидан 1800 дан ортиқ дайди ит ушланиб, сақлаш жойига келтирилди. Аммо хизмат вазифамиз юзасидан аҳоли ва мутасаддилардан жуда кўп эътирозлар бўляпти. Чунки шаҳар ҳудудида дайди итлар кўпаймоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири туманларда кўча итлари сақланадиган жой йўқ. Шу боис шаҳарга яқин бошқа ҳудудлардан ҳам дайди итлар кириб келяпти.
Битта дайди итни тутиш учун камида ярим кун, айрим вақтларда уч-тўрт соатлаб вақт кетади. Бўлимда 1 та “нексия” русумли машина ва 9 нафар ходим бор. Шаҳарни бир четидан келиб тушган муаммони ҳал қилиш учун борганингизда яна бошқа бир чақирув келиб қолади ва мурожаатларга улгурмай қоламиз. Иш жараёнида бу каби муаммолар бўлмаслиги учун қўшимча бригадалар ташкил қилиш, ходимлар ва автомашиналар сонини кўпайтириш ҳамда керакли асбоб-ускуналар билан таъминлаш зарур.
Ҳайвонларни 2 ёки 3 нафар ходим билан тутиб, зарарсизлантиришга улгуриш табиийки муаммоли масала. Бунинг устига бу ходимлар турли тадбирларга ҳам жалб этилади. Борди-ю қутирган ит ёки мушук бирон кишини жароҳатласа, бундан-да ёмони йўқ. Яқинда Самарқандда ёш болани итлар ҳужумидан такси ҳайдовчиси қутқариб қолмаганида, қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Шу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун мутахассис куйиниб айтган муаммоларни масъуллар вақтида бартарф қилиши керак.
Хишравда сақланаётган дайди итларга ким қараяпти?
Ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб Хишравдаги назоратсиз ҳайвонларни сақлаш бўлимида “Терра” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти кўнгиллилари итларни тузоққа тушириш, уларни даволаш ва озиқлантириш билан шуғулланиб келмоқда.
Мазкур ҳудуднинг бир қисми маиший чиқиндилар, бир қисми эса 800 бош итни сақлашга мўлжалланган. Аммо бу ерда 1800 дан зиёд ит сақланмоқда. Бўлим санитария талабларига жавоб бермайди, даволанаётган итлар ҳам, яқинда келтирилганлари ҳам бир жойда сақланяти, жиҳозланган тиббий марказ, махсус карантин зонаси мавжуд эмас.
“Терра” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти кўнгиллиси Феликс Редькиннинг сўзларига кўра, итларни назорат қилиш ва парваришлаш мақсадида ободонлаштириш бошқармаси билан шартнома тузилган, шунингдек, йирик ҳомийлар билан ҳамкорлик қилинмоқда. Бу ерга дайди итлар доимий равишда ташилмоқда ва ҳозир жойлар етишмаяпти. Ҳудудда қаватлар сонини кўпайтириш, ветеринар кўриги, дезинфекция учун мос жой ва озиқ-овқат билан таъминлаш керак.
Дайди итлар ҳозирда вилоятнинг барча ҳудудларида кўпайган. Улардан азият чеккан аҳоли бу итларни назорат қилиш учун бириктирилган шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига тинмай мурожаат қилмоқда. Уларни эса юқорида айтилган муаммолар қийнаяпти. Мутахассислар фикрига кўра, одамларга қутуриш касаллиги 90-95 фоиз ҳолатда итлардан юқар экан. Яъни, шу касалликка чалинган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши билан ўтади ва жараён оғир кечиб, ўлим билан тугайди. Бундай ҳолат юзага келмаслиги учун эса соҳага эътибор керак бўлади. Ўйлаймизки, юқорида тилга олинган муаммолар мутасаддиларни бефарқ қолдирмайди.
***
Дарвоқе, йиртқич ва заҳарли ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда ёки тутқунликда сақлаш, улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, уларни жамоат жойларида сайр қилдириш натижасида турли нохуш ҳодисалар учраётганлиги тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни талаб этмоқда. Шу боис, Олий Мажлис Сенатининг 43-ялпи мажлисида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган ушбу қонун билан ёввойи ҳайвонларни сақлашни тартибга солиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхатини, шунингдек мазкур рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартибини белгилаш Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига юклатилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ёввойи ҳайвонларни сақлаш ҳамда улардан турли мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга, шунингдек, ваколатли давлат органининг ушбу йўналишдаги жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.