Дайди итларга хўрак берилишидан мақсад нима?
Ижтимоий тармоқларда итларни йўқотиш бўйича тарқалган ҳолатга Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими изоҳ берди:
Самарқанд шаҳрида кейинги пайтларда қаровсиз, дайди итлар кўпайди. Натижада, жорий йил давомида уч ҳолатда эгасиз дайди итлар томонидан фуқароларга гуруҳли тан жароҳати етказиш ҳолати кузатилди.
Жумладан, 27-28 август кунлари Самарқанд шаҳрининг Рудакий, Гагарин, Навоийшоҳ ва Мирзо Улуғбек кўчалари ҳамда Темир йўл вокзалининг олд қисмида 16 нафар фуқарога номаълум ит жароҳат етказган.
Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳамда ободонлаштириш бошқармасининг ит тутиш бригадаси ҳамкорлигида ишчи гуруҳ тузилди.
Гуруҳ томонидан 28-31 август кунлари Самарқанд шаҳридаги 2905 та хонадонга уйма-уй кирилди ва 1003 та ит борлиги аниқланди. Шундан 262 та ит рўйхатга олиниб, қутуриш касаллигига қарши эмланди. Итларнинг қолган 741 таси эса жорий йилда қутуриш касалига қарши эмланган.
Ишчи гуруҳ томонидан дайди итлар хўрак бериб йўқотилди. Бироқ ишчи гуруҳ аъзоларидан бири аҳоли хонадонидаги итга ҳам хўрак бераётгани аниқланди ва бу ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳам ўз исботини топди. Аслида ишчи гуруҳга бундай топшириқ берилмаган. Шундай бўлса-да, ходим кўрсатмага амал қилмасдан, ўзбошимчалик билан ҳаракат қилган. Мазкур ҳолат учун унга қонун доирасида чора кўрилади.