Оқдарёда дайди итлар кўпайиб боряпти. Уларни овловчи идора борми?
Бугунги кунда Оқдарёнинг нафақат қишлоқларида, балки туман марказида ҳам одамлар ҳаёти учун хавфли бўлган дайди итлар кўпайиб қолган. Айниқса, Лойиш шаҳарчасида эгасиз итлар бемалол “сайр” қилиб юрибди. Итларнинг туманнинг қатор корхона- ташкилот, муассасалар бинолари атрофида эрталаб ва кечки пайтларда кузатиш мумкин.
Масалан, туман қишлоқ хўжалиги бўлими биноси ёнида куни-тун "пойлоқчи"лик қилаётган саёқ итларнинг қутуриш ёки бошқа касалликларга чалинганми ёки йўқлигини ҳеч ким билмайди. Мабодо бирор кишини, айниқса, ёш болаларни тишлаб олса нима бўлади? Унинг оқибати аянчли-ку.
Эгасиз итларни овлаш билан шуғулланувчи туман ободонлаштириш ёки ветеринария бўлимлари бўлса-да, бу ҳолат уларни қизиқтирмайди шекилли, негадир улар дайди итларни назорат қилишга шошилмаяпти. Ёки уларга юқоридан кўрсатма керакмикан? Ё итларнинг бирор йўловчини тишлаб, жароҳатлашини кутяптими улар?
Хуллас, Оқдарёда эгасиз, дайди итларни овловчи ташкилотлар қачон ўз вазифаларини бажаришга ўтишади? Бизни шу савол қийнайди.
Бир гуруҳ оқдарёлик фуқаролар.