Дефолиация — ғўза ҳосилини етилишини 15 кунга тезлаштиради

Ғўзани дефолиация қилиш (баргсизлантириш) мўл ва сифатли пахта ҳосилини етиштиришдаги муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Бу тадбирни амалга ошириш эвазига қисқа алмашлаб экиш тизимида ғўзадан сўнг бошоқли экинларни ўз вақтида сифатли қилиб экиб олиш имконияти яратилади.

Дефолиация тадбири сифатли ва тўғри ўтказилганда баргларнинг тўкилиши таъминланибгина қолмасдан, ғўзадаги кўсаклар 10-15 кун эрта пишиб етилади, 1-терим салмоғи 15-20% га ошиб, юқори сифатли хом-ашё ҳажми кўпаяди. Шунинг билан биргаликда дефолиант ғўза касалликлари ва зараркунандаларига, айниқса қора шира тушган майдонларга самарали таъсир этади.

Дефолиацияни муддатида ва сифатли ўтказилиши пахта териш машиналарининг самарали ишлашини ва қўл теримида иш унумини 15-20 фоизга ошишини таъминлайди, кузги бошоқли дон экинларини сифатли экиб, эрта ундириб олишга қулай шароит яратади. Аксинча, дефолиация сифатсиз ўтказилган ёки умуман ўтказилмаган ғўза қатор орасига экилган кузги буғдой тўлиқ униб чиқмайди.
Юмшоқ таъсир этувчи дефолиантлар таъсирида барглар яшиллигича тўкилади. Кичик кўсаклар ҳам пишиб етилади. Натижада қўшимча ҳосил олинади ва терилган пахтани ифлослантирмасликка олиб келади.