Деҳлида «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг тақдимоти бўлиб ўтди
Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар қилди.
Тадбирда дипломатлар, академик, илмий-таҳлилий доиралар, кенг жамоатчилик вакиллари, Ўзбекистон ва Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон – 2030" стратегияси тўғрисида"ги фармони, мамлакатимизда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ушбу муҳим ҳужжатнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
"Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Келгуси етти йилга мўлжалланган, мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи мазкур ҳужжат 100 мақсадни ўз ичига олган 5 та устувор йўналишни қамраб олгани, уларда ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг барча муҳим вазифалари белгилангани қайд этилди.
Анжуманда Ҳиндистон академик ва илмий-таҳлилий марказлари вакиллари "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мамлакатнинг замонавий тараққиёт босқичида тутган ўрнига эътибор қаратди. Хусусан, Ҳиндистоннинг Тошкентдаги собиқ элчиси Сканд Ранжан Тайал Ўзбекистонда сўнгги йилларда ривожланишнинг изчил босқичи амалга оширилаётгани, мазкур ўзгаришлар жараёнида оддий инсон манфаатларини таъминлаш бўйича долзарб вазифаларга ечим топилаётганини таъкидлади.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, «Зарафшон» ва "Самаркандский вестник" газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов мамлакатимизда сўнгги йилларда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётгани, "Ўзбекистон-2030" стратегиясида белгиланган долзарб вазифалар ижроси Ўзбекистоннинг халқаро алоқаларини янги поғонага олиб чиқишига хизмат қилиши ҳақида тўхталди.