Депутат 1,5 миллиард сўмдан зиёд хайрия қилди
“Миллий тикланиш” партияси аъзолари бўлган “Grand farm trade” компанияси раҳбарияти томонидан бир миллиард олти юз эллик миллион сўмлик хайрия ёрдами кўрсатилади.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва халқимизнинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган хайрия тадбирларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида “Grand farm trade” кампанияси ҳудудий филиали раҳбари, «Миллий тикланиш» партиясидан халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Қаҳрамонжон Отахонов бошчилигида эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламларига озиқ-овқат маҳсулотлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали етказиб берилмоқда.
Бугун Тошкент вилоятининг мингта хонадонига жами беш юз эллик миллион сўмлик хайрия ёрдамлари тарқатилди. Акция Тошкент, Андижон, Наманган вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган. Бунга эса 1 миллиард 650 миллион сўм маблағ ажратилган.
Ҳар бир вилоятдан мингтадан хонадонга 300 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 250 минг сўмдан пул, жами битта оилага 550 минг сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилади. Умумий ҳисобда битта вилоят аҳолисига беш юз эллик миллион сўмлик кўмак кўрсатилади.
Партия депутати томонидан карантин бошланган даврдан Андижон шаҳридаги дорихоналарда эҳтиёжмандлар учун бепул дорилар бурчаклари ҳам ташкил этилган.
«Миллий тикланиш» партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ҳам айнан кексаларни қадрлаш, меҳр-оқибатни асраш, инсон омилини барча соҳалар марказига қўйиш каби вазифалар белгиланган. Мазкур партиявий ғоялар депутатлар томонидан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Албатта, чинакам инсонийлик сабоғига айланиб бораётган бу каби хайрли ишлар ортида юртимиз аҳолисининг турмуш тарзини янада яхшилаш баробарида эртанги кунга бўлган ишончи ва интилиши юксалиб боради.
Хайрия эртага Наманган вилоятида давом этади. Тошкент вилоятида эса бугун якунига етказилади. Андижон вилоятида эса давом этмоқда.