Депутат аҳолининг яқин маслаҳатчиси, кўмакчиси ҳам бўлиши зарур

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш еттинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб депутатлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида 2023 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига киритиладиган қишлоқ ҳамда маҳаллалар манзилли рўйхатларини ҳамда қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб бориладиган объектларнинг мақсадли параметларини тасдиқлади.

Унга кўра, келгуси йилда вилоятимизда 32 та маҳалла ва қишлоқ обод қилинади. 40 та умумтаълим мактаби, 28 та мактабгача таълим ташкилоти, 8 та ирригация тармоқлари, 6 та кўприк ва йўл ўтказгич, 5 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси каби ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, реконструкция ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Б.Шайматовнинг вилоятдаги моддий-маданий мерос объектлари ва маданий бойликларни аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, асраш ва улардан оқилона фойдаланиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолати юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Депутатлар халқимизнинг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган моддий-маданий мерос объектлари ва маданий бойликларни аниқлаш, муҳофаза қилиш борасидаги ишларни эътироф этиш баробарида айрим эътирозларини ҳам билдирди.

- Самарқанд шаҳрида бунёд этилаётган аксарият меҳмонхоналар қурилишида собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари устунлик қиляпти, - деди депутат Рустам Холмуродов. – Яъни, меҳмонхона қураётган тадбиркор асосан Европа меъморчилиги услубларидан фойдаланмоқда. Бу жараёнда дунё архитектураси тарихида муносиб ўринга эга бўлган миллий услубларимиз, азалий қадриятларимизга эътибор жуда суст. Маданий меросимизни асраш ишларига мутасадди ташкилотлар, хусусан, маданий мерос бошқармаси бу каби қурилишларни тартибга солиши керак.

- Музейларимизга ҳам аксарият ҳолларда хорижлик сайёҳларгина ташриф буюради, холос. Ўзимизнинг фуқаролар нега бундай муассасаларга кирмайди? Сабаби, музейдаги тарихий экспонатлар фуқароларимиз ўртасида мунтазам тарғиб қилинмайди, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов.

“Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раҳбари К.Юсупов вилоятда аҳолини ичимлик ва оқова сув хизматларини кўрсатиш билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берар экан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммоларни ҳудудларда янгидан қурилаётган ичимлик суви тизимлари салмоғи кундан-кунга ортиб бораётгани билан боғлади.

Депутатлар тоза ичимлик сувини тежаш, электрон ҳисоблагич ускуналарининг афзалликлари хусусидаги тарғибот тадбирларини янада кучайтириш юзасидан ўз тавсияларини билдирди.

Вилоятда “Аёллар дафтари”даги аёллар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўғрисида вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Н.Сулаймонов ҳисобот берди. Таъкидланишича, уйма-уй юриш орқали вилоятимизда 696 минг 713 нафар хотин-қиз хатловдан ўтказилган ва учинчи босқич “Аёллар дафтари”га 65 минг 920 нафар хотин-қиз киритилган. Жорий йилнинг 6 ойи давомида бандлик органларига 47307 нафар хотин-қиз мурожаат қилиб, 9652 нафари мавжуд бўш иш ўринларига, 4316 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, 920 нафарига 1099,4 миллион сўмлик субсидия ажратилган, 692 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган.

- Яқинда фаолиятини бошлаган бир тадбиркор мурожаат билан келди, - деди вилоят ҳокими. – Таъкидлашича, рўйхатдан ўтмагани учун суд унга “отнинг калласидек” жарима қўллаш юзасидан қарор чиқарган. Ваҳоланки, тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтиши лозимлиги хусусида унга ҳеч ким тушунча ёки ҳуқуқий маслаҳат бермаган. Бу эътиборсизлик тегишли идора масъуллари билан суҳбат жараёнида ҳам маълум бўлди. Фуқаро бўладими ёки тадбиркор, аввало, мажбуриятларидан огоҳ этилиши зарур. 

Ушбу ҳолатлар аҳоли бандлигини таъминлаш борасида субсидиялар ажратиш, "дафтар"ларда турувчи оилаларни камбағаллаикдан чиқариш жараёнларида ҳам ўз аксини топяпти. Масалан, хонадонларга товуқ бериляпти, аммо ушбу оиланинг уларни боқиш имконияти борми-йўқми, ҳисобга олинмаяпти. Қолаверса, маҳаллалар, қишлоқларда парранда тухуми ва гўштини йиғиб, сотиб оладиган тизим ҳам жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

“Аёллар дафтари”даги аёллар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлардан депутатларимиз ҳам четда турмаслиги керак. Келинг, бу борадаги самарадорликни янада ошириш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларини биттадан маҳаллага бириктирайлик. Улар аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнларида бевосита иштирок этиб, ўз маслаҳатларини берсин, тажрибаларини ўргатсин. Туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳам бу ишларга кўмаклашса яхши бўлади.

Шунингдек, сессияда Президентимизнинг 2022 йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, вилоятимизда жорий йил кластер усулида цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ишларини амалга оширувчи бош пудратчи ташкилотларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи О.Мирзабековнинг вилоятда инвестициялар жалб қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.