Депутат кўзи ожиз ногиронларнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатини жойида ўрганди
Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим мактаб интернатининг бир гуруҳ ўқитувчилари (I гуруҳ ногиронлари), Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрда қабул қилинган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорнинг 154 - бандини қайта кўриб чиқишини сўраб мурожаат қилган аризаси депутати Адҳам Шодмонов томонидан жойида ўрганилди.
Қарорнинг 154 - бандида қайд этилишича, “Иш стажи ва пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган (олинган) иш ҳақи ҳисобга олинган ҳолда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш амалга оширилмайди”.
- Бизнинг мактаб интернатида 20-25 йилдан буён ишлаётган ўқитувчилар бор. Улар ногиронлик нафақасидан пенсияга ўтиш вақтида кўзи ожиз I гуруҳ ногиронларига энг кам ойлик иш ҳақининг бир биробарини қўшиб берилишига қизиқиб олдиндан ҳужжат топширишган. Ҳозирда 3 миллион ойлик маошидан ташқари, 600 минг сўмгина пенсия олаяпти. Бугунги кунда ишга кирган ногирон ўқитувчилар пенсия учун ҳужжат топширса, ойлик маоши 3 миллион атрофидалиги учун пенсияси 1,5 миллионгача ҳисобланади. Шуни инобатга олиб, илгари нафақага чиққан ногиронларнинг пенсияларини қайта ҳисоб-китоб қилишни жорий этиш борасида кўмак сўраб мурожаат қилдик,- дейди Самарқанд шаҳридаги 59- кўзи ожиз болалар мактаб интернати касаба уюшмаси раиси Зокир Махамматов.
Ушбу масала юзасидан депутат мутахассисларнинг хулосаларини ўрганиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли тавсия тайёрлашини билдирди.
- Биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Адҳам Шодмоновга миннатдорчилик билдирамиз. Бошқа округдан сайланган бўлишига қарамасдан, интернатга келиб мурожаатимизни ўрганиб, бизга тушунтириш ишларини олиб борди, - дейди интернат ўқитувчиси I гуруҳ ногирони А.Ҳайдаров.
Шунингдек, учрашувда мактаб интернат ёнидан ўтган йўл чорраҳасига светафор ўрнатиш бўйича оғзаки ариза келиб тушди.
Ушбу мурожаат юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти билан келишиб, масала ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Бахтигул Қаршиева,
O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.