Депутатга икки ойда 73 та мурожаат тушди. Нечтаси ҳал этилди?

Суҳроб Рафиқов халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлигига 6-Меҳробод сайлов округидан сайланган. Самарқанд шаҳридаги 24 маҳалла мазкур округ ҳудуди ҳисобланади. 54 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва  уларнинг ўзига яраша муаммо ва дардлари бор.

Депутат йил бошидан буён сайловчилари билан тўрт марта учрашиб, уларни эшитди, шунингдек, қабуллар уюштирди.

Бу тадбирлар давомида фуқаролардан 73 та мурожаат тушган. Мурожаатларнинг асосий қисми электр энергияси (16 та) ва табиий газ (15 та) таъминоти билан боғлиқ бўлди. Кўп қаватли уйларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш (9 та), ҳудудларни ободонлаштириш (8 та) бўйича ҳам мурожаатлар кўп бўлди.

– Сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларнинг 12 таси тегишли мутасаддилар иштирокида жойида бартараф этилди – дейди С.Рафиқов. – 61 та мурожаат юзасидан эса корхона, ташкилот ва муассасаларга депутатлик сўрови юбордим. Бунинг натижасида 21 та мурожаатнинг ижроси таъминланди. Жумладан, Дари занжир маҳалласи Вобкент кўчасидаги ирригация тармоғи тартибга келтирилди, Огаҳий, Абдураҳмон Жомий, Шарқ тонги маҳаллаларида йўллар атрофи ободонлаштирилди, пиёдалар йўлаклари таъмирланди.