Депутатлар аҳоли томорқаларини ўрганди

Шу йил 14 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз айни пайтдаги мураккаб вазиятда ҳар бир томорқа ер эгаси экин майдонларидан самарали фойдаланиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Рост, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олишда аҳолини ўз томорқаларидан мақсадли фойдаланишга йўналтира олиш катта аҳамиятга эга. Айни кунларда бу масалага ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилоқда.
Жумладан, жойларда депутатлар ўзлари сайланган ҳудудларда аҳолининг томорқаларидан фойдаланиш, иш билан бандлиги, камбағал ва эҳтиёжманд оилалар, коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин тартиб-қоидаларига қай даражада амал қилинаётганлигини ўрганмоқда.
Масалан, халқ депутатлари Каттақўрғон туман кенгаши депутати Ш.Рашидов Чароғон маҳалласида мавжуд аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда ерларни экишга тайёрлаш ҳолати, агротехник тадбирларнинг амалга оширилиш ҳолатини кўрди.
Депутат маҳаллада истиқомат қилувчи Усмон Турдиев, Рўзимурод Ҳасанов, Лайло Исроилова, Неъмат Жабборов каби оилалар хонадонида бўлиб, томорқа ҳолатини кўздан кечирди.
- Жами томорқамиз 12 сотих, шундан экин экадиган майдон 4 сотихни ташкил қилади, - дейди Л.Исроилова. - Бу ерга картошка, помидор, пиёз, саримсоқ пиёз экдик. Насиб бўлса ердан бир йилда икки марта ҳосил оламиз.
***
Шунингдек, халқ депутатлари Булунғур туман кенгаши депутати Р.Ўроқбоев Нурли йўл маҳалласида яшовчи 30 дан зиёд аҳоли томорқасидаги экин-тикин ишларини кўздан кечирди. Бу ерликларга Илҳом Бердиёровнинг томорқасининг ҳар қарич еридан самарали фойдаланиб, эртаги картошка ва пиёз экканлигини намуна қилиб кўрсатди.
Депутатлар ўрганиш давомида аҳолига карантин қоидаларига риоя қилиш, ҳовлидан чиқмасдан томорқадан унумли фойдаланиш, бунинг фойдалари ҳақида тушунтиришди.