Депутатлар беморларни йўқлаб боради
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминоти ва салоҳиятини яхшилаш, аҳоли орасида касалланиш ҳолатини ўрганиш, уларнинг профилактикаси, мақсадли даволаш ва реабилитация тадбирларини ташкиллаштиришнинг манзилли чораларини белгилаш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ташкил этилган республика ишчи гуруҳи 6 февралдан вилоятимизда иш бошлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари масъулларидан иборат ишчи гуруҳи уч кун давомида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб, тиббий муассасаларнинг фаолиятини ўрганади. Аҳоли учун тиббий кўрик, турли ижтимоий акция ва лойиҳалар ўтказилади. Шунингдек, депутат ва шифокорлар олис ва чекка қишлоқларда тўшакка ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олади.
– Бугунгача бир қатор вилоятлардаги тиббий муассасалар фаолияти билан яқиндан танишиб, аҳолини кўрикдан ўтказдик, уларнинг тиббий маданияти, касалланиш даражасини ўргандик, – дейди республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассиси Музаффар Алибеков. – Самарқанддаги ўрганишларимиз ҳам самарали бўлишига ишонамиз. Биз Каттақўрғон шаҳрида иш олиб борадиган бўлдик.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.