Депутатлар ҳеч бир масалага бефарқ эмас

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмишинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.

Дастлаб вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари А.Шукуров Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси ҳақида ҳисобот берди.

Таъкидланишича, жорий йилда вилоят бўйича 185 та объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган. Мазкур объектларни қуриш учун 14 та буюртмачи ташкилот белгиланган бўлиб, объектлар умумий қиймати 1 147,7 млрд. сўмни ташкил этади. Бугунги кунгача 46 та умумтаълим мактабларидан 37 тасида қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган. Қолган 9 тасида ишлар 5 сентябргача якунланади. 11 та соғлиқни сақлаш объектидан 5 таси фойдаланишга топширилган. 6 тасида қурилиш ишлари йил охиригача босқичма-босқич якунланади.

Ҳисобот муҳокамасида депутатлар айрим объектларни фойдаланишга топшириш муддатлари кечикаётганини таъкидлади. Жумладан, Қўшработ тумани Кенгаши депутатлари уч йилдан буён туманда “Ёшлар маркази” биноси қурилиши фақат қоғозда қолиб кетаётгани, бу иншоотни фойдаланишга топшириш бўйича аниқ муддат бор ё йўқлиги ҳақида маълумот сўради.

- Ҳақиқатан ҳам Қўшработ тумани марказида 2019 йилда "Ёшлар маркази" биноси қурилиши режалаштирилган, бироқ ҳалигача бу иншоот қурилиши якунига етмади, - деди А.Шукуров. - Бунинг бир неча сабаблари бор. Иншоот қурилишини алоҳида назоратимизга оламиз ва вилоят маҳаллий бюджети маблағлари асосида охирига етказилмаган ишларни якунлаймиз.

Кун тартибидаги иккинчи масала - Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 апрелдаги “2022-2026 йилларда Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Очилов ҳисобот берди.

Х.Очилов айни пайтда вилоятдаги олий таълим, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, халқ таълими, ёшлар агентлиги, спортни ривожлантириш, ахборот технология ва инновация йўналишида амалга оширилаётган ишлар, шу билан бирга оғриқли нуқта саналган айрим масалалар ҳамда келгусида бажарилиши белгиланган лойиҳалар ҳақида тўхталди.

- Бу йил Самарқандда хусусий олийгоҳ - Самарқанд технология университети ташкил этилди, - деди Х.Очилов. - Айни пайтда университет бир йил муддатга Самарқанд транспорт техникуми биносининг 2 ва 3-қаватларида ижара асосида иш бошлади. Сентябрь ойидан тўртта йўналишда ўз фаолиятини бошлайди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги "Оқсарой" маҳалласидаги бўш турган жойда давлат ва хусусий шериклик асосида "Ёшлар шаҳарчаси"ни қуриш бўйича ишлар бошланган. 2026 йилга қадар “Ёшлар шаҳарчаси” барпо этиш ва унда камида 4 та хорижий университетларнинг филиал ва кампусларини жойлаштириш режалаштирилган.

Сессияда Ургут тумани сектор раҳбарларининг ҳисоботи ҳам эшитилди. Хусусан, туман ҳокими Б.Жабборов хизматлар соҳасини ривожлантириш ишларининг аҳволи тўғрисида ҳисобот берар экан, 2021 йил 14 декабрь куни Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган топшириқлар ижросига тўхталди.

Ҳисоботда келтирилишича, жорий йил бошидан туманда 72 турдаги мустақил фаолиятни амалга оширувчи, хизматлар соҳасида ўзини-ўзи банд қилган 4437 нафарга яқин фуқаро расмий рўйхатдан ўтказилган, умумий овқатланиш, савдо ва бошқа хизматлар соҳасида норасмий банд бўлган 8883 нафардан ортиқ фуқаронинг фаолияти легаллаштирилган.

Шунингдек, сессияда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг вилоятда 2022 йил I ярим йиллигида норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан ҳамда жойларда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг аҳволи тўғрисидаги ахбороти, вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи А.Нуруллаевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2022 йил 16 февраль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган “Чорвачилик ва ипакчилик соҳасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар” мавзусидаги видеоселектор йиғилиши баёнининг вилоятдаги ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.