Депутатлар инвестиция лойиҳаларининг ижроси билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Самарқанд шаҳрида йирик инвестиция лойиҳаларининг ижроси, ижтимоий объектлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Депутатларнинг дастлабки ўрганиш манзили “AZIA METALL PROF” қўшма корхонаси бўлди. Бугунги кунда корхонада умумий қиймати 585,6 миллион долларлик 9 босқичли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан 227,4 миллион доллари тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳисобланади. Бу ерда 1000 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
Депутатлар ишлаб чиқариш жараёни, ходимларга яратилган шароитлар, маҳсулот экспортига оид маълумотларни ўрганди. Корхона ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.
Кейинги манзил “АCWА Pоwер” томонидан амалга оширилаётган қуёш электр станцияси бўлди. Қуввати 1000 МВТ бўлган 2 та фотоэлектр станция, 500 кВтли “Нуробод” подстанцияси ва 350 километр узунликдаги ҳаво тармоқлари қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 2 та 334 МВТли аккумулятор станцияси ҳам барпо этилади. Лойиҳа тўлиқ қувватда 2027 йилга қадар ишга тушади. У 975 минг хонадонни “яшил энергия” билан таъминлаш имконини беради. Бу орқали катта миқдорда табиий газ тежалиши ва атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдори камайиши таъминланади.
Депутатлар “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази фаолияти билан ҳам танишди. Марказда кексалар ва ёлғизларни санатория ва сиҳатгоҳларга йўлланма билан таъминлаш ҳолати ўрганилди. Соҳада қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Жумладан, “Якка ёлғизлар реестри”да барча фуқароларга йилда камида бир марта йўлланма бериш, мобил илова орқали навбатни кузатиш, йўлланма вақти ва турини ўзгартириш имконини бериш масалалари кўтарилди.
Учрашувлар давомида барча таклиф ва ташаббуслар юзасидан батафсил фикр алмашилди. Ҳукумат ва тегишли вазирликларга тақдим этиш учун аниқ таклифлар шакллантирилди. Маҳаллий иқтисодиёт, энергетика ва ижтимоий соҳага оид муҳим вазифалар белгилаб олинди.