“Динамо”нинг таниқли футболчиси хотираси учун мусобақа ташкил этилди
Самарқанд вилояти футбол ассоциацияси, болалар ва ўсмирлар футбол академияси мутасаддилари ташаббуси билан таниқли футболчи, марҳум Сирожиддин Сайфиев хотирасига бағишланган Республика хотира турнири ўтказилди.
Унда Тошкент шаҳри, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳамда самарқандлик 2007-2008 йилларда туғилган болалар футбол жамоалари иштирок этди.
Турнирда сўз олган вилоят футбол ассоциация раҳбари Шуҳрат Сайфуллаев, болалар ва ўсмирлар футбол академияси директори Учқун Қобилов, марҳумнинг отаси Шамсиддин Сайфиев, синглиси Мафтуна Сайфиева ва бошқалар томонидан минглаб мухлисларнинг севимли футболчисига айланган Сирожиддин Сайфиевнинг Самарқанд футболи ривожи учун қилган хизматлари, инсоний фазилатлари ёд олинди.
Сирожиддин ҳаёт бўлганида шу йил ўзининг 39-баҳорига пешвоз чиқарди. У Тойлоқ олимпия захиралари коллежини футбол йўналиши бўйича битиргач, кўп йиллар вилоятимизнинг “Динамо” жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Ўн тўртта жамоа иштирок этган хотира турнири якунида 3-ўрин Жиззах ва Навоий вилоятидан келган ўсмирларга, 2-ўрин Тошкент шаҳри футбол академияси ўқувчиларига насиб этди.
Самарқанд болалар ва ўсмирлар футбол академияси ўқувчилари турнир ғолиблигини қўлга киритди.
Шунингдек, “Энг моҳир ҳужумчи”, “Энг чаққон дарвозабон”, “Турнирнинг энг ёш иштирокчиси”, “Энг фаол ўйинчи”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг эпчил ярим ҳимоячи” сингари номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ.