Диний таълим: Ёшларнинг Қуръон, ҳадис илми, дин ҳақидаги билимларини ошириш учун барча шароит яратилган
Ҳадис илми мактабида хорижда диний таълим олаётган ўқувчи ва талабаларнинг турли диний оқимлар, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслигининг олдини олиш, уларнинг юртимизда таълимни давом эттиришларига имкон яратиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида уларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари билан учрашув ташкил қилинди.
Учрашувда вилоят дин ишлари бўйича қўмита раҳбари, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят ҳокимининг диний ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда диний уламолар иштирок этди.
Дастлаб вилоят ҳокимининг диний ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров глобаллашув даврида ёшлар тарбияси ва онгига бўлаётган таҳдидлар, ёт ғоялар қурбони бўлаётганлар хусусида тўхталди.
- 2022 йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра, вилоятимиздан Миср Араб Республикасига диний таълим олиш учун 187 нафар вояга етмаган ёшлар чиқиб кетган, - деди Б.Қодиров. - Тегишли ишчи гуруҳ иштирокида ёшларнинг ота-оналари ва яқинлари билан олиб борилган тушунтиришлар натижасида ўтган йил 60 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида 43 нафар ёшлар оиласи бағрига олиб келинди. Шунингдек, жорий йилда 6 нафар вояга етмаган шахснинг хорижга чиқиб кетишининг олди олинган бўлса, 6 нафари Миср Араб Республикасига чиқиб кетганлиги аниқланди. Мисрга кетган 16 нафар вояга етмаган ёшнинг ота-онасига қонунчилик талабларига бўйсунмаганлиги учун тегишли тартибда жавобгарликка тортилди.
Тадбирда диний уламо ва ҳадис мактаби талабалари томонидан юртимизда ҳам диний таълим олиш учун барча шароитлар яратилгани таъкидланиб, ота-оналарга фарзандининг келажагига бефарқ бўлмасликлари тушунтирилди.
Учрашувдан сўнг иштирокчилар Имом Бухорий музей мажмуасига саёҳат қилди ва тадбир якунида ифторлик дастурхони ёзилди.