Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “DISCOVERING UZBEKISTAN” - биринчи туристик анжуман ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд халқаро аэропортида Туризм ва маданий мерос, Ташқи ишлар ва Транспорт вазирлиги, “Uzbekistan Airports” AЖ ҳамда “Air Marakanda” авиакомпанияси ҳамкорлигида “DISCOVERING UZBEKISTAN” биринчи туристик анжумани бўлиб ўтди.

Халқаро авиакомпаниялар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, дипломатик корпус, вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон сайёҳлик бренди, мамлакатимизни хорижий сайёҳлар учун очиш ва туризм имкониятлари намойиш қилинди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи Р.Қобилов Самарқанднинг туризм салоҳияти ва барпо этилаётган туристик объектлар ҳақида маълумот берди.

- Вилоятда 1607 та, Самарқанд шаҳрида 483 та маданий-тарихий мерос объектлари мавжуд, - деди Р.Қобилов. – Шу билан бирга, 170 та меҳмонхона, 220 та меҳмон уйи ҳамда 200 та туроператор фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, хорижий ва маҳаллий сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида Самарқанд туристик мажмуаси, “Абадий шаҳар” карвонсаройи ҳамда тоғ туризми кластерини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Яқин бир йилда Самарқанд туризм инфратузилмаси тубдан ўзгаради, вилоятимизга келган ҳар бир сайёҳ бой таассуротлар билан юртига қайтади.