“Долзарб 90 кунлик” фарзандларимизга нима берди?

Ўтган ёзги таътил даврида барча умумтаълим мактабларида “Долзарб 90 кунлик” тадбирлари доирасида турли тўгарак машғулотлари, танлов ва мусобақалар ташкил этилди.
Паст Дарғом туманидаги 55-мактабда ҳам ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган тадбирларда ҳар куни 200 нафарга яқин ўқувчи иштирок этди.
- Фарзандим Зафаржон 7-синф ўқувчиси, - дейди унинг онаси Нилуфар Ҳимматова. – Биз кундузи ишда бўлиб ўғлимни назорат қилишнинг имкони йўқ эди. У ҳар йили ёзги таътилда бўш вақтини беҳуда сарфларди. Яъни, кўпроқ уйқу, чўмилиш, компьютер ёки телефондаги бефойда ўйинлар билан шуғулланиш билан ўтказарди. Бу йилги “Долзарб 90 кунлик” тадбирларининг ташқил этилиши яхши натижа берди. Ўғлим таътил давомида кундузи ўқитувчилари назоратида бўлди, турли хил тўгаракларда қатнашди, спорт мусобақалари ва танловларда ғолибликни қўлга киритганидан мамнун. "Долзарб 90 кунлик"нинг якунига бағишланган фестиваль ва тадбирларда фаол қатнашган ўқувчилар, синфлар жамоасига ташаккурнома ва сертификатлар топширилди. Уларнинг орасида ўғлим ҳам борлигидан хурсандман.
- Ҳар бир мактабда ўтказилган якуний фестиваль ўзига хос тарзда ўтди, - дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутахассиси С.Ҳайдаров. – Тадбирларда “Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам” марафони, турли хил спорт мусобақалари ва интеллектуал ўйинлар, шунингдек, якуний концерт дастури ташкил этилди. Ғолиблар муносиб тақдирланди. Бу ўқувчиларнинг янги ўқув йилини янгича иштиёқ билан бошлашига сабаб бўлди.
Наргиза Мухторова.