«Долзарб 90 кунлик» ёзги таътилда маънавий ва жисмоний ўсиш майдони бўлди

Самарқанд шаҳрида «Долзарб 90 кунлик» дастури доирасида қатор амалий ишлар олиб борилди.
Жумладан, шаҳардаги 58-мактабда турли фан ва спорт тўгараклари фаолият юритди. Ушбу тўгараклар ўқувчилар учун нафақат билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, балки уларнинг ёзги таътилни мазмунли, фойдали ва хавфсиз ўтказишларига хизмат қилди.
Тўгаракларда таълим олган ўқувчилар орасидаги қизиқиш, иштирокдаги фаоллик мазкур ташаббуснинг нечоғли аҳамиятли эканини кўрсатди. Айниқса, математикадан, табиий фанлардан, рус ва инглиз тилларидан ташкил этилган тўгараклар ўқувчиларнинг таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга, тил билимини мустаҳкамлашга катта туртки бўлди. Шунингдек, мини футбол, шахмат, шашка каби спорт тўгараклари ёшларни жисмоний чиниқтириш, жамоавий руҳда тарбиялаш ва соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилди.
- Мактабни битиришимга 2 йил қолди, - дейди 10-синф ўқувчиси Нодира Асадуллаева. – Олий ўқув юртига киришга тайёргарликни эса 2 йил аввал бошлагандим. Тўғрисини айтсам, дарс ва қўшимча тўгараклар ёзги пайтда тўхтатиларди. Ўқув йили давомида ўрганганларимиз, 3 ой давомида такрорламагандан кейин эсдан чиқарди. Бу йил «Долзарб 90 кунлик» дастури доирасида ташкил этилган инглиз тили, шахмат-шашка ва бошқа тўгаракларга қатнашиб, билимларимизни мустаҳкамладик.
«Долзарб 90 кунлик» дастури ёзги таътилни ўзгача мазмун билан бойитди. Ушбу ташаббус ёшларимизнинг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама баркамол шахс этиб тарбиялашда муҳим қадам бўлди. Мазкур лойиҳа келгусида ҳам давомий бўлиб, таълим тизимида ёшларнинг иқтидорига йўл очишда самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Дониёр Жуманов.