Дўстлик фестивали

Вилоятимизда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” анъанавий маданият ва дўстлик фестивали ўтказилмоқда.

Ҳар йили анъанавий ташкил этиладиган тадбир вилоят ёшлар марказида юртимиздаги диний бағрикенглик, миллатлараро ҳамжиҳатлик, дўстлик акс этган фотосуратлар кўргазмаси билан бошланди.

Шундан сўнг “Ҳаракатлар стратегиясининг миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамияти” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи А.Ҳусенов, республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ва бошқалар юртимизда ижтимоий барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Вилоятимизда бугунги кунда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-осойишта ҳаёт кечириб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. 11 та миллий маданият маркази турли миллатларнинг тили, урф-одатларини қадрлаш, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.

Фестиваль доирасида Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманида турли миллатлар вакиллари билан учрашувлар, бадиий кечалар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, вилоятдаги миллий-маданий марказлар бадиий-фольклор жамоалари томонидан катта концерт дастури намойиш этилади.