Гид-робот вилоят ҳокимига мурожаат қилди

Ёшлар фестивали доирасида ўтказилаётган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида “IT-park”да фаолият юритадиган “SWAT” жамоаси ҳам иштирок этиб, ўзлари ясаган бир қанча робототехника қурилмаларини намойиш этди. Шулардан бири “гид-робот”дир.

Жамоа аъзоси – “Ипак йўли” халқаро туризм университети талабаси Шаҳло Ҳамроева таклифи билан бу робот даврага келтирилди ва у ҳокимга “мурожаат қилди”:

- Ассалому алайкум, Эркинжон Оқбўтаевич ва ёшлар фестивали иштирокчилари! Мен - гид-робот “SWAT” жамоаси томонидан яратилган ихтироман. Ҳозирча ўзбек тилида гапира оламан. Агар жамоанинг лойиҳаси қўллаб қувватланилса, сунъий интеллект ёрдамида турли тилларда сўзлаб, сайёҳларга беминнат хизмат кўрсата оламан.

Ҳоким “Гид-робот”нинг бу мурожаатини беэътибор қолдирмаслигини билдирди.

 

Самарқандда робототехника лабораторияси ташкил этилса...

Шунингдек, учрашувда Каттақўрғон шаҳрида яшовчи, Хитойнинг Нанжинг фан ва технологиялар университети талабаси Достон Эшонов шу таклиф билан чиқди.

- Ўтган галги учрашувда ''Алкотестор'' қурилмасини яратганим ҳақида гапиргандим, - дейди ёш ихтирочи. - Бугунги тадбирга кўзи ожизлар учун “ақлли” ҳасса яратиб келдим. Самарқандлик ёшлар робототехника соҳаси бўйича республика ёшлари орасида илғор. Фақат бизга '”Робототехника лабораторияси” керак бўляпти.

- СамДУ ва ТАТУ Самарқанд филиали ҳамкорлигида ушбу лабораторияни ташкил этамиз, - деди ҳоким. - Шунингдек, хабарим бор,  ихтирочи ёшларимиз керакли бўлган кўпгина эҳтиёт қисмларни Тошкентдан олиб келади. Лаборатория ёнида робототехника эҳтиёт қисмлари дўконини ҳам очамиз.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.