Довчар қишлоғидаги симёғочлар август ойида таъмирланади

Кеча, 16 январь куни Zarnews.uz сайти ва телеграм каналида “Аҳоли эски симёғочлардан азият чекмоқда, электр тармоқлари корхонаси эса мурожаатга бепарво” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда Жомбой туманидаги Ногаҳон маҳалласининг Довчар қишлоғида яшовчи аҳоли симёғочларнинг эскирганидан шикоят қилган.

Шунингдек, 2017 йил учун тасдиқланган дастурга кўра, ҳудудга қўшимча КТПс-100/10 кВ ТП ўрнатиш ҳамда 0,4 кВ электр узатиш тармоғини реконструкция қилиш белгиланган бўлса-да, ишлар чала бажарилгани айтилган.

Ҳолбуки, дастурда белгиланган трансформатор подстанцияси ўз вақтида ўрнатилиб, ишга туширилган. Зарур ҳужжатлар қонун доирасида расмийлаштирилган.

Симёғочларнинг маънан эскиргани эса бор гап. Туманда ушбу муаммони тизимли ҳал этиш юзасидан чоралар кўриляпти. Хусусан, Довчар қишлоғидаги симёғочларни мукаммал таъмирлаш 2021 йил август ойи режасига киритилган. Ҳудудга темир-бетон устунлар ўрнатиш ҳам келгусида босқичма-босқич амалга оширилади.

Мавзу юзасидан таҳририят сўровига жавоб хати почта хизмати орқали юборилган.

"Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ ахборот хизмати