ДТМ мажбурий фанлар бўйича тест топшириқларининг апробациясини ўтказади
2019 йилнинг 30 октябрь куни Давлат тест марказида барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан — она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест топшириқларининг апробацияси (текширув, синов, муҳокама) ўтказилади.
Апробация жараёнида иштирок этиш истагида бўлган талабгорлар http://3fan.dtm.uz/ сайти орқали рўйхатдан ўтиб, апробацияда иштирок этиши мумкин.
Жараёнда иштирок этувчилар сони чекланган бўлиб, жами 600 та ариза қабул қилиш режалаштирилган. Улардан 1-смена учун рўйхатдан ўтган 300 нафар талабгорлар 30 октябрь куни соат 10:00 да, 2-смена учун рўйхатдан ўтган 300 нафар талабгорлар соат 15:00 да апробацияда иштирок этади.
Рўйхатдан ўтганда талабгорларга апробацияда иштирок этиш вақти ёзилган рухсатнома тақдим этилади.
Талабгорлар мазкур рухсатнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат - паспорт билан белгиланган вақтдан 30 дақиқа олдин (1-сменада 09:30 гача, 2-сменада 14:30 гача) Тошкент шаҳридаги Давлат тест маркази бош биносига келишлари лозим.
Рўйхатдан ўтиш ва апробация жараёнида иштирок этиш бепул.