Дунё хабарлари қисқа сатрларда: Ливан ҳудудидан Исроилга қарши янги фронт очилиш мумкин

Дунё хабарлари қисқа сатрларда: Ливан ҳудудидан Исроилга қарши янги фронт очилиш мумкин. Эрондаги ёнғинда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Исроил қўшинлари Ғазо шаҳрини тўлиқ қуршаб олди. АҚШ флотида биринчи адмирал аёл раҳбарлик қилади. Археологлар энг қадимий урушни аниқлашди.

🔻 "Ҳизбуллоҳ" етакчиси Ҳасан Насруллоҳ бугун мурожаат билан чиқади. Қувайтнинг “Ал-Жарида” газетасига кўра, Ливан гуруҳи АҚШга ультиматум қўйган ва Исроилдан Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларни тўхтатишни талаб қилган. Ультиматум бугун тугайди, шундан кейин Исроилга қарши сафарбарлик ва уруш эълон қилинади.

🔻 Исроил ҳарбийлари Фаластиннинг ҲАМАС радикал гуруҳига қарши махсус операция давомида Ғазо шаҳрини ҳар томондан ўраб олишни якунлаган. Потенциал ўт очишни тўхтатиш ҳақида гап йўқ, "сулҳ" муҳокама қилинмаяпти.

🔻 Исроил расмийлари Ғазо сектори билан барча алоқаларни тўхтатиши ва анклавдаги барча фаластинликларга келажакда Исроил ҳудудида ишлашни тақиқлашини маълум қилди.

🔻 36 журналист Фаластин-Исроил зиддияти қурбони бўлган.

🔻 Блинкен Тель-Авивга келиб, Нетаняху билан учрашди. Бу АҚШ Давлат котибининг жорий вазиятнинг кескинлашуви бошланганидан бери Исроилга иккинчи ташрифидир. У Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини эълон қилиши, аммо инсонпарварлик қонунчилигига мувофиқлик ҳақида эслатиши кутилмоқда.

🔻 Путин ядровий синовларни тақиқлаш шартномасини ратификация қилишни бекор қилувчи қонунни имзолади. Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома 1996 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган. Ҳужжат, бошқа давлатлар қатори, Россия томонидан ратификация қилинган, аммо АҚШ ва Хитой томонидан эмас.

🔻 АҚШ Сенати мамлакат тарихида илк бор аёл киши - адмирал Лиза Франчеттини Ҳарбий-денгиз кучлари штаб бошлиғи лавозимига тайинлади. У шунингдек, Қўшма Штатларда штаб бошлиқларининг Бирлашган қўмитасида хизмат қилган биринчи, мамлакат тарихида тўрт юлдузли адмирал даражасига кўтарилган иккинчи аёлдир.

🔻 Эроннинг Ленгеруд шаҳридаги наркология клиникасида содир бўлган ёнғин оқибатида 32 киши ҳалок бўлган, 16 киши жароҳатланган.

🔻 Археологлар Европадаги биринчи йирик урушнинг санасини аниқлашди. Илгари Европада бундай тўқнашувлар бронза даврида, тахминан 4 минг ва 2,8 минг йил олдин содир бўлган деб ҳисобланган. Аммо тахминан 5000 йил олдин бўлган 300 дан ортиқ одам суякларини қайта таҳлил қилиш, бу одамларнинг аксарияти Европадаги энг қадимги урушлар қурбони бўлганини кўрсатади.

🔻 Грецияда 5,2 магнитудали зилзила қайд этилди. Оқибатда Эвбея оролида кўчкилар рўй берган, бинолар шикастланган.