Дунё ёшлари Самарқандда йиғилди
Аввал хабар қилганимиздек, 26-30 июнь кунлари Ўзбекистонда биринчи марта “Бутунжаҳон ёшлар фестивали” доирасидаги тадбирлар Самарқанд шаҳрида ҳам ўтказилмоқда.
92 давлатдан 700 нафардан зиёд ёшлар иштирок этаётган ушбу тадбир 15 та лойиҳани ўз ичига қамраб олган. Ҳар бир давлат ёшлари ўз ғояларини ўртага ташлайди.
Айни пайтда Халқаро туризм марказида мазкур фестиваль доирасида “Оммалаштиришга арзигулик ғояларни кашф этинг!” мавзусида юзма-юз учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтяпти.
- Тадбирда дунё ёшлари қаторида иштирок этаётганимдан хурсандман, - дейди қозоғистонлик Екатерина Тўхтарова. - “Меҳрибонлик” кўнгиллилар жамияти вакилиман. Ташкилотимиз 20 йилдан бери фаолият юритиб келади ва имконияти чекланган шахсларга турли шаклларда ёрдам беради, шунингдек, спорт ва ижодий тўгараклар фаолиятини олиб боради. Фестивалдан янги дўстлар орттиришни, улар билан ғоя алмашишни мақсад қилганмиз. Мен билан биргаликда Қозоғистоннинг 50 нафар ёшлар вакиллари Самарқандга келди, уларнинг ҳар бири жамиятнинг у ёки бу йўналиши ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Фестивалда таълим, инновация, IT, бизнес, медиа, маданият, санъат, спорт каби йўналишларда нуфузли спикерлар қатнашиши режалаштирилган.
Фестивалнинг очилиш маросими бугун 26 июнь куни Самарқанд шаҳридаги “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳудудидаги амфитеатрда 1,5 минг нафар ёшлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.
Унинг доирасидаги тадбирлар Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бир вақтда ўтказилади.