Дунёдаги энг “кучли” паспортлар
Немис паспортига эга саёҳатчилар ўзларини омадли деб билишлари мумкин. Уларда дунёнинг аксарият давлатларига визасиз кириш имконияти бор.
Немис паспорти кўп йиллар давомида дунёдаги энг ишончли шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан бири бўлиб келмоқда. Унинг эгалари- саёҳатчилар камдан-кам ҳолларда виза ҳақида ташвишланишади. Албатта, бу нафақат Германия паспортига, балки бошқа бир қатор мамлакатларнинг шахсий гувоҳномаларига ҳам тегишли.
“Henley&Partner” юридик фирмаси, жумладан, ўзининг “Henley паспортлар индекси”да тегишли паспорт билан визасиз кириш мумкин бўлган давлатлар сонини санаб ўтди. Глобал рейтинг Халқаро ҳаво транспорти бошқармаси (IATA) маълумотларига асосланади ва йилига бир неча марта янгиланади.
2024 йил ҳолатига кўра, бу индекс 199 та паспорт ва 227 та турли саёҳат йўналишларини ўз ичига олади.
2023 йилнинг ўрталарига келиб Япония паспорти рейтингдаги беш йиллик пешқадамлигини қолдириб, биринчи ўриндан чиқиб кетди.
Сингапур етакчиликни қўлга киритди, бироқ бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Чунки атиги олти ой ичида Сингапур яна ягона етакчиликдан воз кечишига тўғри келди.
Бунинг ўрнига, жами олтита мамлакат, шу жумладан Германия ҳам энг юқори поғонага кўтарилди. Франция, Италия, Япония, Сингапур, Испания ва Германия фуқаролари ҳозирда дунёнинг 194 давлатига визасиз боришлари мумкин. Уларнинг барчаси биринчи ўринни баҳам кўришяпти.
Қуйида визасиз юздан ортиқ мамлакатларга ташриф буюриши мумкин бўлган дунёдаги энг кучли 10 та паспорт келтирилган:
1-ўрин - Франция, Германия, Италия, Япония, Сингапур, Испания (визасиз 194 та давлат).
2-ўрин - Финландия, Жанубий Корея, Швеция (визасиз 193 давлат).
3-ўрин - Австрия, Дания, Ирландия, Нидерландия (визасиз 192 давлат).
4-ўрин - Бельгия, Люксембург, Норвегия, Португалия, Буюк Британия (визасиз 191 давлат).
5-ўрин - Греция, Мальта, Швейцария (визасиз 190 давлат).
6-ўрин - Австралия, Чехия, Янги Зеландия, Польша (визасиз 189 давлат).
7- ўрин - Канада, Венгрия, АҚШ (визасиз 188 давлат).
8-ўрин - Эстония, Литва ( визасиз 187 давлат).
9-ўрин - Латвия, Словакия, Словения (визасиз 186 давлат).
10-ўрин - Исландия (визасиз 185 давлат).
2023 йил билан таққослаганда, Германия фуқаролари визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган яна тўртта давлатни қўшди. 2024 йилда юқори поғоналаган бошқа мамлакатлардан келганлар ҳам аввалгидан кўра кўпроқ мамлакатларга визасиз кириш имкониятига эга бўлди.
2006 йилда паспортларнинг ўртача 58 давлатга визасиз кириши таъминланган бўлса, бугунги кунда бундай давлатларнинг сони 111 тага етди. Энг кучли ва заифроқ паспортлар ўртасидаги тафовут ўсишда давом этмоқда.
2024 йилда юқори ўриндаги давлатлардан келганлар визасиз қуйи ўриндаги афғонистонликларга қараганда 166 та давлатга кўпроқ киришлари мумкин бўлади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.