Дунёдаги ғаройиб табиат мўъжизалари

Дунёда жуда кўп сирли воқеалар, ғаройиб ҳодисалар ва сирлар мавжуд. Аҳоли зич жойлашган жойлар аҳолиси табиатдан завқланишга ҳеч нарса халақит бермаслиги учун бутун масъулият юкини шаҳарда қолдириб, ўрмонда сайр қилишни орзу қилишади. Баъзилар пиёда юриш, қайиқда сузиш ва тоғ чўққиларини забт этишга иштиёқманд.

Бугун сайёрадаги киши онгини ҳайратда қолдирадиган ваҳимали ҳодисалар, хавф ва кўланкаларга бой баъзи сирли табиий мўъжизалари ҳақида айтиб берамиз.

Плайя отчопари

Бу отчопар АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган. Ясси чўл ўртасидаги бир жойда ётган тошлар тонг отганда из қолдириб, ўз жойини алмаштиради. Аниқки, улар ўз-ўзидан ҳаракат қила олмайди. Одамлар бу тошларни ўзга сайёраликлар кўчириб қўйишига ишонишда давом этмоқдалар. Дастлаб олимлар бу ҳодиса билан 1915 йилда қизиқа бошладилар.

Кейинчалик тадқиқотчилар Ричард ва Жеймс Норрис бу ҳодиса сирини очишга ҳаракат қилишди. Уларнинг фикрича, тоғ жинслари музлик даврида ҳосил бўлган ер остидаги музлар туфайли силжийди. Албатта, биз уларнинг фикрига қўшиламиз, чунки ўзга сайёраликларнинг саҳродаги тошларни жойидан қўзғатишдан кўра муҳимроқ ишлари кўп бўлса керак.

Мадиди миллий боғи

Боливияда Амазонка дарёсининг юқорисида инсоният цивилизацияси тегмаган ёввойи ўрмон бор. Бутун дунёдаги ботаниклар ва зоологлар сайёрамиздаги энг катта қўриқхона - Мадиди боғида ҳар хил турдаги тирик мавжудотларни ўрганишни истайдилар. Бироқ бу ажойиб жойни бориб кўришда битта тўсиқ бор: боғдаги ҳамма нарса ҳайвонлардан тортиб, ўсимликларгача ҳамма-ҳаммаси заҳарли. Уларга тегинган одам ё майиб бўлиб қолади ё ҳаёт билан хайрлашади.

Бу жойни ҳақиқий жаннат деб биладиган маҳаллий аҳоли бундай шароитда яшашга мослашган. Уларда асрлар давомида боғдаги кўплаб заҳарларга қарши иммунитет ривожланган. National Geographic журнали аъзоси Жоэл Сарторе бу ерда уч ҳафта яшаб кўрди. Шундан сўнг шифокорлар унга оддий микроорганизмлар келтириб чиқарадиган лейшманиоз ва қора тропик безгак касалликларини аниқлашди.

Данакиль чуқурлиги

Эфиопияда ҳам бир ноёб жой бор – бу бир нечта фаол вулқонлардан иборат Данакиль чуқурлиги. Бу жой, шунингдек, “Жаҳаннам дарвозаси” деб номланган. У ҳеч нимага ўхшамайдиган оламлар орасидаги порталга ўхшайди. Унга тикилган киши ҳатто мавжуд ҳақиқатда бўлиб турганлигига шубҳа қилади.

Шунингдек, бу ҳудудда 3,2 миллион йиллик  австралопитек (қадимги одамсимон маймун) қолдиқлари топилган. Олимлар бу ҳудудда бир неча ноодатий экотизимларни кашф қилишди. Масалан, баъзи микроорганизмлар ерга хос бўлмаган кислоталар тўла қайнаб турган суюқликларда ўз яшовчанлигини кўрсатяпти.

Иблис қозони

АҚШнинг Миннесота штатида Иблис қозони номини олган жуда ғаройиб шаршара бор. Хўш, нима сабабдан у шунчалик қўрқинчли экан? Тепадан тушаётган сув қаерга кетаётганини ҳеч ким, ҳатто олимлар ҳам билмайди. У шунчаки пиёла шаклидаги “идиш”га қуйилади ва изсиз йўқолади. Сайёҳлар бу шаршарага ҳар хил нарсаларни ташлашади, бироқ атроф синчиклаб кўрилгандан кейин ҳеч нарса топа олмайдилар. Ҳеч ким у ерга шўнғишга журъат этмаган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир куни ўсмирлар иблис қозонига бутун бир машинани ағдариб юборишган. Сув ҳеч қандай из қолдирмасдан, уни бутунлай ютиб юборган.

 Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.