Дунёнинг энг кичик давлатларидан бири билан дипломатик алоқа ўрнатилди

“Дунё” ахборот агентлиги хабар беришича, 3 февраль куни Ўзбекистон ва Сан-Марино ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги протоколни расмий имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳужжатни Ўзбекистон томонидан элчи Отабек Акбаров, Сан-Маринодан эса мамлакатнинг Италиядаги элчиси Даниэла Ротондаро имзолади.

Икки мамлакатда ички процедуралар ўтказилгач, протокол кучга киради ва Сан-Марино Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 136-давлатга айланади.

Эслатиб ўтамиз, Сан-Марино дунёдаги энг кичик давлатлардан бири (майдони - 61 квадрат километр) ҳисобланади. Мамлакат Жанубий Европада жойлашган ва тўрт томондан ҳам Италия билан чегарадош. Дунёдаги энг қадимги конституциялардан бири амал қиладиган Сан-Марино унинг замонавий чегараси эътиборга олинганда Европанинг энг узоқ тарихга эга давлати ҳисобланади. Бу давлат аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи (2020 йил – 56 минг 690 доллар) бўйича дунёдаги энг бой мамлакатлардан биридир.