Дунёнинг энг кучли шахматчилари жаҳон чемпионати йўлланмаси учун Самарқандда беллашади

3-15 сентябрь кунлари Самарқандда “Grand Swiss 2025” халқаро шахмат турнири бўлиб ўтади.

Мазкур нуфузли мусобақа швейцарча тизимда 11 тур давомида ўтказилади.

Унда жаҳон шахмат рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келаётган кучли гроссмейстерлар, шунингдек, FIDE президенти тавсияси билан таклиф этилган шахматчилар ва халқаро мусобақалар ғолиблари қатнашади.

Умумий мукофот жамғармаси 855 минг АҚШ доллари бўлган турнирда 39 мамлакатдан 172 нафар иштирокчи жаҳон чемпионати йўлланмаси учун дона суради.

Дунё рейтингининг «ТОП-100»талигига кирган кучли шахматчилар орасидан тўрт нафар шахматчи (2 эркак ва 2 аёл шахматчи) жаҳон шахмат тожи учун “Талабгорлар турнири”га саралаб олинади.

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE), Спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган нуфузли турнир олдидан мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари ва шахмат юлдузлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Спорт вазири Адҳам Икромов, Халқаро шахмат федерацияси президенти (ФИДE) Аркадий Дворкович, Ёшлар ишлари агентлиги директори, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев ҳамда амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш ва ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони, аёллар халқаро спорт устаси Афруза Ҳамдамова иштирок этиб, мусобақа ва 2026 йилда Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик ҳақида фикрларини билдирди.

- Юртимизда шахматни ривожлантириш ва уни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Шахмат федерацияси, Спорт вазирлиги ҳамда Шахмат академияси ҳамкорлигида қатор лойиҳа ва дастурлар амалга оширилмоқда, - дейди А.Саъдуллаев. - Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида юзлаб замонавий шахмат клублари ташкил этилмоқда, ёшлар ўртасида ҳар ойда мунтазам нуфузли чемпионатлар ўтказилиб, улар орқали иқтидорли шахматчилар ўз маҳоратларини оширмоқда ва юқори рейтингга эга халқаро гроссмейстерлар билан тажриба алмашмоқда. Натижада ёшларимиз халқаро мусобақалар, жаҳон чемпионати ва кубоги баҳсларида ғолиб ва совриндор бўлмоқда. “Grand Swiss 2025” турнири ҳам нафақат жаҳон даражасидаги шахматчиларни саралаш, балки келгуси йил юртимизда ва айнан Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олдидан тайёргарлик жараёнининг муҳим босқичи сифатида хизмат қилади.

Мусобақада “Grand Swiss 2025” турнирининг биринчи рақамли иштирокчиси Рамешбабу Праггнанандха, амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш, яқинда Ҳиндистонда ўтказилган нуфузли турнирда ғолибликка эришган германиялик Винсент Каймер, 2021 йилги “Grand Swiss” ғолиби Алириза Фирузжа ҳамда Аниш Гири, Видит Сантош Гужрати, Нодирбек Абдусатторов, Левон Аронян каби ўнлаб жаҳон рейтингида юқори натижалар қайд этаётган шахматчилар ғолиблик учун асосий даъвогар сифатида баҳс олиб боради.

“Grand Swiss 2025” мусобақасида 14 нафар ўзбекистонлик шахматчи иштирок этади. Эркаклар мусобақасида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Ниғматов, Абдумалик Абдусалимов, аёллар гуруҳида Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Мадинабону Халилова юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

- Жаҳон шахмат юлдузларини тарихий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳримизда кўрганимдан хурсандман, - дейди Афруза Ҳамдамова. – Одатда мен ёшлар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларда қатнашаман. Бу гал эса катталар ўртасидаги мазкур турнирда омадимни синаб кўрмоқчиман. Мусобақада жаҳон рейтингидаги шахматчилар билан 11 раунд муносиб кураш олиб бориб, яхши натижалар кўрсатаман деган умиддаман. 

Бугун мусобақанинг очилиш ва қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади ва эртага беллашувларга старт берилади.

Фазлиддин Рўзибоев.