Эл кўнглидаги орзу-умидлар

 Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбатида ёшлар иттифоқи етакчилари олдига шундай вазифа қўйилди. 
Тадбирда СамДУ профессори Ф.Набиев, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов, жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Ш.Шарипов Президент Мурожаатномасининг мақсади ва унда қўйилган вазифалар ҳақида ёшларга тушунча берди.

***

Марказий банкнинг вилоят бош бошқармасида ўтказилган тадбирда вилоятдаги тижорат банклари ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги филиаллари мутасаддилари иштирок этди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари Ў.Ҳамроқулов, Самарқанд давлат университети профессори Ф.Набиев Мурожаатномада белгиланган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари, уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида сўз юритдилар.

***

Самарқанд шаҳридаги 37-умумтаълим мактабида ташкил этилган ана шундай тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.ўафурова, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ўқитувчиси Ж.Сайфиддинова, ТАТУ Самарқанд филиали ўқитувчиси М.Каримов таълим муассасаларида хотин-қизлар билан ишлаш тизимида янгича ёндашувларни ўзлаштириш, ўқувчиларни бугунги ислоҳотлардан хабардор қилиш орқали жамиятдаги фаоллигини ошириш лозимлигини таъкидладилар.

***

Тойлоқ туманидаги Узунқишлоқ, Нурафшон маҳаллаларида ўтказилган тадбирларга зиёлилар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёшлар таклиф этилди.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчилари, туман фаоллари Мурожаатнома Ватанимизнинг порлоқ истиқболини белгилаб берган ҳужжат эканлигини таъкидлади.

***

Булунғур туманидаги Хўжамазгил маҳалласидаги тарғибот тадбирида фуқароларнинг мавжуд муаммолар хусусидаги фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
Маҳалладаги мактабда синфхоналарнинг етишмаслиги, ҳудуддаги айрим йўлларнинг носозлиги, аҳоли учун мўлжалланган дўконда ун маҳсулотларининг камлиги, бори эса тижорат нархларида сотилаётгани танқид қилинди.

Ғофур БАХТИЁРОВ,
Олим СОННИБОЕВ.