Электр симидан хавфли ҳолатда фойдаланган қурилиш корхонаси маъмурий жавобгарликка тортилади
Кеча, 6 июнь куни телеграм каналимизда "Zarafshon.bot'га мурожаат: Қурилиш ташкилоти электр симларини хавфли ҳолатда қолдирмоқда" сарлавҳали мурожаат эълон қилинган эди.
Мазкур мурожаат ижроси юзасидан вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси жавоб йўллади. Унда, жумладан, шундай дейилади:
"Самарқанд шаҳар «Обод маскан» маҳалла фуқаролар йиғинида қурилаётган кўп қаватли иморат шаҳардаги «Улуғ сиймо қурилиш» МЧЖ томонидан бунёд этиляпти.
Мурожаатда келтирилган электр энергиясидан хавфсизлик талаблари даражасида фойдаланмаганлик ҳолати ҳақиқатда мавжудлиги аниқланди. Мазкур муаммо тезда бартараф этилиши таъминланди. Қурилиш ташкилоти масъулларига эса техника хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузганлиги сабабли инспекция томонидан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур объектда техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиши юзасидан масъулларга аввал ҳам бир неча маротаба бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган.