Электр таъминоти мутасаддиларининг жамоатчиликка муносабати шуми?
Ёки тизимда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига ахборот беришга масъул топилмаётгани хусусида айрим қайдлар
Аввало, партиянинг Самарқанд шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ҳақида қисқача тўхталсак. Гуруҳдаги 11 нафар депутат йил давомида 142 та депутатлик сўровлари юборган.
Бундан ташқари, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги доимий комиссиялар муҳокамасига 9 та масала киритилган. Кенгаш сессияларига 4 та масала чиқарилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.
Албатта, депутатлик эшитувлари партия гуруҳи фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири. Бу борада ўтган йилда 12 марта эшитув ташкил қилинган. Жумладан, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси, Самарқанд шаҳар газ таъминоти бошлиқлари, "Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ шаҳар бўлими, “Мароқанд обод” ДУК директори каби мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тингланган.
Эшитувлар давомида шаҳарда соҳалар кесимида юзага келган муаммолар бўйича тегишли фикр ва таклифлар билдирилган.
Ўз навбатида ишига совуққон муносабатда бўлган раҳбарлар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш учун Кенгаш раиси ва юқори турувчи ташкилоти раҳбарларига расмий мурожаат қилинди.
Жумладан, бир неча марта таклиф этилганига қарамасдан депутатлик эшитувларида шахсан иштирок этмаганлиги учун Самарқанд шаҳар санитария-эпидеомологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими раҳбари Д.Нормуродова халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши томонидан огоҳлантирилди.
Шаҳарда электр таъминоти ва ускуна (симёғоч ва трансформатор)ларнинг ҳолати ҳамда уни яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар масаласи депутатлик гуруҳининг иш режасига киритилганди. Масала юзасидан ахборот бериш учун Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғи А.Муталибовга 01/24-рақамли хат билан мурожаат қилдик. Бироқ А.Муталибов номаълум сабабларга кўра йиғилишда иштирок этмади, депутатлик гуруҳи аъзолари масалани муҳокама қилишни навбатдаги йиғилишга қолдиришга келишди. Бу ҳақда А.Муталибовга 01/39-сонли расмий хат билан мурожаат қилинди. Афсуски, у навбатдаги йиғилишга ҳам келмади.
Шу сабаб Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг хатти-ҳаракати юзасидан 2023 йил 5 декабрь куни “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти раҳбарига расмий хат юбордик.
Юборилган жавоб хатига кўра, А.Муталибов Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғи лавозимидан озод этилган.
Қизиқ, Муталибов ишдан бўшатилган бўлса, корхона раҳбарсиз қолдими? Биз кимнингдир шахсияти билан эмас, соҳада олиб борилган ишлар билан қизиқяпмизку, ахир. Бундан аҳоли, истеъмолчилар манфаатдор.
Вазият хаспўшланаётгани сабабини тизимда ўзгаришлар суст бўлаётгани, бу ҳақда халқ вакилларига ахборот бериш имконсизлиги, деб тушуниш керакми?..
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи.