Энди фермерлар болалар боғчалари ташкил этиши мумкин

2020 йилдан бошлаб кўп тармоқли фермер хўжаликлари экотуризмни ривожлантириш ва мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш билан ҳам шуғулланишлари мумкин.

- Келгуси йилда 22 та йўналиш бўйича 11 минг 957 та фермер хўжалиги кўп тармоқли тизимга ўтказилади, − дейди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида. – 43 та фермер хўжалиги томонидан 3500 ўринга эга боғча ташкил этилади. Натижада 41 мингдан ортиқ кишининг иш билан бандлиги таъминланади.

2020 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастурига кўра, фермер хўжаликларининг молиявий ҳолати бўйича тижорат банкларидан тавсиялар олинди, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳар бир лойиҳа ҳудуднинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди, лойиҳалар учун кредит ажратилиши кафолатланди.

Ушбу дастур Сенатнинг 25-ялпи мажлисида маъқулланди.