Энди ўзига тааллуқли бўлмаса ҳам суд даъвони қайтармайди
Фуқаролик процессуал кодексининг 124, 195-моддаларига асосан, агар фуқаро даъво ариза, ариза ёки шикоят ариза билан бир судга мурожаат қилган бўлса, бироқ ушбу даъво ариза шу судда кўриб чиқиш қонун билан белгиланмаган бўлса, суд даъво аризани фуқарога қайтарарди, қабул қилишни рад қиларди ёки иш юритишдан тугатарди ва судья ўзининг ажримида аризачи қайси суд (органга) мурожаат қилиши лозимлигини кўрсатарди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январь куни имзолаган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан эндиликда судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш, қайтариш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш тақиқланди.
Масалан, фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани судига мурожаат қилган. Даъво аризани кўриб чиққан судья ушбу даъво ариза бошқа судга, яъни Тайлоқ туманлараро иқтисодий судига ёки Самарқанд туманлараро маъмурий судига тааллуқлилигини аниқласа, даъво аризани фуқарога қайтармайди, қабул қилишни рад қилмайди ва иш юритишдан тугатмайди, аксинча ушбу судья ўзи ушбу даъво аризани тааллуқли судга ўтказади.
Бу билан фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйилади. Бундан ташқари, Фуқаролик процессуал кодексининг 27-моддасида ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса маъмурий судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилганда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши кераклиги кўрсатилган.
Президент қарори билан эндиликда бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир неча талабни бирлаштириш тақиқланди. Бу эса судларнинг қарорларини сифатли ва барқарор бўлишига олиб келади.
Ф.Мухторов,
фуқаролик ишлари бўйича
Ургут туман суди судьяси.