Энди ташкилот раҳбарлари ўзларида мавжуд вакант лавозимларни яшира олмайди

Президентимиз томонидан 2022 йил 11 майда "Давлат бошқаруви соҳасидаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор имзоланди.

Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган қарорга асосан “Е-Антикоррупция”, “E-Anticor.uz” платформаларини ишга тушириш, давлат идоралари фаолиятида инсон омилини қисқартириш, тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш белгиланган.

Кадрлар билан ишлаш йўналишидаги бюрократик тўсиқларни, коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартириш мақсадида 2023 йил 1 январга қадар автоматлаштирилган тизим жорий этилади. Унда вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнлар тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири вакант лавозимларга очиқ мустақил танловлар ўтказиш бўлиб, ушбу тизим бугунги кунда тўлиқ автоматлаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этиб келинмоқда.

Давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилди. Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун очиқ мустақил танловларни ташкил этиш бўйича ягона электрон тизим бўлиб, интернет тармоғида “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади.

Порталдаги давлат органларининг вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.

Агентлик филиали томонидан ташкилотларда ўтказилаётган очиқ танловлар жараёнлари мунтазам мониторинг қилиб борилади, мониторинг натижасида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича ташкилот раҳбарларига тегишли равишда тақдимномалар киритилмоқда. Очиқ мустақил танловларсиз ишга қабул қилинган ходимларнинг буйруқларини бекор қилиш, кадрлар хизмати раҳбарларини агентлик филиали билан келишмасдан туриб ишга қабул қилиш ҳолатлари бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Эндиликда vacancy.argos.uz платформаси ЯММТ билан тўлиқ интеграция қилинганлиги сабабли ташкилотда мавжуд вакант штат бирлиги автоматик равишда очиқ мустақил танлов тизимида эълон қилинади. Яъни, ташкилот раҳбарлари ўзларида мавжуд вакант лавозимларни яшириш имкониятига эга эмас. Бу ҳам тизимда инсон омилини камайтириш бўйича амалга оширилаётган асосий янгиликлардан биридир. Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд вакант лавозимни ушбу платформа имкониятлари ёрдамида аввалгидек ойлар давомида эмас, балки белгиланган 20 кунлик муддат давомида муносиб кадр билан тўлдириш имконияти бор. Бунда ўша ташкилотда ойлаб бир лавозим вакант бўлиб туриш ҳолати бартараф этилмоқда.

Бугунги кунда агентлик томонидан 18 модулдан иборат давлат фуқаролик хизматининг Ягона ахборот таҳлилий тизими ишлаб чиқилган. Ушбу тизимлар такомиллаштирилмоқда. Давлат хизматчиларининг билим ва малакасини ошириб бориш мақсадида ходимларни масофавий ўқитиш бўйича ilm.argos.uz платформаси, иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш имконини берадиган kpi.argos.uz платформаси, хизматчилар салоҳиятини автоматик аниқлаш имконига эга test.argos.uz, давлат фуқаролик хизматчиларининг ягона маълумотлар базаси kadrlar.argos.uz платформалари ишга туширилган. Келгусида давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар сиёсатини баҳолаб бориш бўйича reyting.argos.uz платформаси ишга туширилиши режалаштирилган.

Қарорга асосан давлат ташкилотлари ва идораларининг кадрлар бўйича масъул тузилмаларини баҳолаш тизимини жорий этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда уларни ҳар 6 ойда 10 тадан зиёд кўрсаткичлар асосида баҳолаш тизими ишлаб чиқилган ва яқин кунларда бу тизим амалиётга жорий этилади. Ушбу кўрсаткичлар қаторига ташкилотдаги вакант лавозимларнинг сони, кадрлар қўнимсизлиги, инсон ресурсларини ривожлантириш даражаси, ТОП-500 таликка кирган ОТМлар битирувчиларининг ишга қабул қилинганлиги, гендер тенглиги, ташкилотдаги ёш мутахассислар сони ва бошқа кўрсаткичлар асосида баҳолаш кўзда тутилган.

Хуршид Назаров,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали раҳбари.