Давлат хизматлари агентлиги “Joe Biden” номи билан рўйхатга олинган корхона юзасидан муносабат билдирди

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида тадбиркорлик субъектларининг фирма номларида машҳур шахсларнинг номларидан фойдаланилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ваколатли орган сифатида мазкур масалага ойдинлик киритди.

Биринчидан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига асосан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъекти фирма номига бўлган ҳуқуққа эга, бу номни унинг ўзи мустақил равишда белгилайди ва ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатади.

Иккинчидан, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали (ўзи келган ҳолда ёки онлайн усулда) давлат рўйхатидан ўтказилади.

Учинчидан, “Фирма номлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан фирма номида:

✅ давлатнинг расмий номи, халқаро, ҳукуматлараро ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи;

✅тарихий ёки Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган шахснинг тўлиқ ёки қисқартирилган исми, белгиланган тартибда бериладиган рухсатсиз;

✅фирма номининг эгаси, унинг фаолият тури ёки у келиб чиққан мамлакат хусусидаги сохта ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;

✅жамият манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ принципларига зид бўлган белгилар кўрсатилмаслиги керак.

Тўртинчидан, Давлат хизматлари агентлиги томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида “Фирма номлари тўғрисида”ги қонунга асосан фирма номларида ишлатилиши мумкин бўлмаган сўзлардан фойдаланиш бўйича чекловлар қўйилди. Ушбу рўйхат мутахассислар томонидан мунтазам равишда янгиланиб борилади.

Кейинги кунларда муҳокамага сабаб бўлган тадбиркорлик субъектларининг фирма номлари, тадбиркорлар билан олиб борилган тушунтиришлардан сўнг, белгиланган тартибда ўзгартирилди.

Ўз навбатида, Давлат хизматлари агентлиги тадбиркорлардан фирмаларига ном танлашда, уни ўзгартиришда юқоридаги қонун талабларига қатъий риоя этишларини сўраб қолган.