Байден 1,7 триллион долларлик мамлакат бюджетини имзолади, шундан 44,9 миллиарди Украина учун экани айтилди

АҚШ президенти Жо Байден мамлакатнинг 2023 молия йили учун (1 октябрдан бошланган) бюджетини тахминан 1,7 триллион доллар миқдорида тасдиқлади, у Киевга ёрдам учун 44,9 миллиард доллар ажратишни ҳам назарда тутади. Бу ҳақда Оқ уйнинг ёзма баёнотида айтилади.

"Бугун мен бир йиллик тарихий тараққиёт натижаси бўлган икки партиявий жамланма қонун лойиҳасини имзоладим", деб ёзди Байден ижтимоий тармоқда.

Унинг таъкидлашича, бюджетга "тиббий тадқиқотлар, хавфсизлик, фахрийлар соғлиғини сақлаш, табиий офатларни тиклаш учун маблағлар, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ва Украинага ўта муҳим ёрдам кўрсатиш" учун инвестициялар киритилган.

Аввалроқ 1,7 триллион доллар миқдоридаги йиллик бюджет лойиҳаси АҚШ Конгрессининг иккала палатаси томонидан маъқуллангани хабар қилинганди. Ушбу маблағнинг 45 миллиард доллари Украина ва НАТО давлатларига ёрдам бериш учун мўлжалланган.

Мудофаа харажатларига 858 миллиард доллар ажратилади, бу жорий йилга нисбатан 10 фоизга ва Байден сўровидан 45 миллиард долларга кўп. Бюджетнинг мудофаага оид бўлмаган қисми 2022 молия даражасидан 6 фоизга юқори.