Ўн йиллик муаммога ечим топилди
Халқ билан мулоқот қилиш ва аҳоли муаммоларини ўрганишда маҳаллабай ишлаш тизими йўлга қўйилиб, мазкур механизмнинг муҳим жиҳати, аниқланаётган масалаларнинг қисқа фурсатларда ҳал этилаётганидир. Бунда одамларни қизиқтираётган, қийнаётган муаммоларга қулоқ тутилаётгани, ҳар бир инсоннинг дарди тингланаётгани масаланинг асл моҳиятига кириб бориш, уни жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Дарҳақиқат, ушбу жараёнда адлия, Давлат хизматлари маркази, ФҲДЁ ва нотариал идора масъулларининг иштироки муҳим ўрин тутади. Чунки жойларда ҳуқуқий ечимини кутаётган масалалар талайгина. Фуқароларга сайёр давлат хизматлари кўрсатиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда муаммоларини ҳал этиш юзасидан Самарқанд вилоятининг барча туман, шаҳарларида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулларда ана шундай муаммолар хонадонма-хонадон юриб ўрганилди.
Жумладан, 4648 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Самарқанд шаҳрининг чекка ҳудудида жойлашган Дўстлик маҳалласида яшовчи Дилшод Сатторов оила қурганига бир неча йил бўлган бўлса-да, қонуний никоҳдан ўтмаганлиги аниқланди. Унга Самарқанд шаҳар 2-ФҲДЁ бўлими мудираси Шоҳида Нуруллаева томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, оиланинг қонуний никоҳи расмийлаштирилди.
Ушбу маҳаллада яшовчи Саодат Набиева эса онасидан мерос қолган уй-жойни ўз номига расмийлаштириш масаласида қарийб 10 йилдан буён сарсон-саргардон бўлиб, эшигини қоқиб бормаган ташкилоти қолмаган. Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази ходими ва нотариал идора вакиллари томонидан фуқарога мазкур масалани қонуний ҳал қилиш чоралари тушунтирилди. “Маҳаллабай” тизими асосида ташкил этилган ушбу сайёр қабул жараёнида 10 йилда ҳал бўлмаган масала бир неча кун ичида ўз ечимини топадиган бўлди.
2008 нафар аҳоли яшаб келаётган Хаймари поён маҳалласи фуқароси бўлган Гулилола Нартожиева ҳам ўз яшаш ҳудудидан чиқмаган ҳолда СТИР рақами, шунингдек, пенсия дафтарчаси олишга мушарраф бўлди.
Тойлоқ тумани Элипок қишлоғида ташкил этилган ана шундай тадбирлар давомида ҳудудда яшовчи фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Учрашувда 15 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди.
Каттақўрғон шаҳар Оқ олтин маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр қабулларда 50 нафар фуқаролар асосан уй-жой, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, эгалик ҳуқуқини белгилаш, субсидия асосида уй-жой сотиб олиш, алимент, туғилганликни қайд қилиш, қонуний никоҳдан ўтиш, ижтимоий нафақалар тайинлаш, болаларини давлат мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш каби масалалар юзасидан мурожаат қилди. Келиб тушган мурожаатлар шу ерда ўрганилиб, уларнинг аксар қисми ҳал қилинди. Қолган мурожаатлар тегишлилиги бўйича ҳамкор ташкилотларга юборилди.
Президентимизнинг жорий йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 17 турдаги ҳужжат ва маълумотларни сўраш бекор қилинди. Тадбирлар давомида аҳоли муаммоларини ўрганиш асносида ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти ҳам аҳолига етказилди.
ДХА Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.