Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эндиликда кардиология бўйича юқори технологик даволаш усуллари вилоятларда ҳам йўлга қўйилади

Соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган юксак эътибор туфайли юртимизда юрак касалликлари бўйича бир қанча мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Бу ҳақида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига сўзлаб берди.

— Дарҳақиқат, тиббиёти ривожланган хориж давлатларида амалга ошириладиган энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари бугунги кунга келиб, мамлакатимиз клиникаларида ҳам сифатли бажарилмоқда, — дейди Х.Фозилов. — Жумладан, айни кунда марказимизда коронароангиография – юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, уларга стент (найча) ўрнатиш, юракнинг мураккаб аритмияларини электрофизиологик усулда диагностика қилиш ва даволаш – радиочастотали абляция (РЧА) ва юрак блокадаларида электрокардиостимулятор ўрнатиш, юрак ишемик касаллигининг оғир турларида аорта коронар шунтлаш, юрак порокларини жарроҳлик усули билан тиклаш, юрак клапанларини протезлаш каби очиқ усулдаги амалиётлар ва 3D тораскопик ускунаси ёрдамида мураккаб кичик инвазив операциялар амалга оширилмоқда.

Эътиборлиси, бундай юқори технологик даволаш усуллари нафақат пойтахтимиз, балки вилоятларда ҳам сифатли йўлга қўйила бошлади. Хусусан, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятларида коронарография ва стентлаш амалиётлари ўтказилмоқда.

Марказимизда амалга оширилаётган юқори технологик даволаш усулларининг сони, сифати ва кўлами йилдан йилга ортиб бормоқда. Булар сирасига юрак клапанларини эндоваскуляр усулда протезлаш, юрак қоринча ва бўлмачалари тўсиғидаги туғма нуқсон – тешикларни кўкрак қафасини очмасдан, периферик томирлар орқали кириб, окклюдер ёрдамида беркитиш, АКШ операциясини ишлаб турган юракда амалга ошириш ва бир нечта шунт қўйиш каби ўта мураккаб операциялар киради.

Шунингдек, бир вақтнинг ўзида юракда икки ва ундан ортиқ ўта мураккаб операцияларни ўтказиш, яъни АКШ + юрак клапанларини протезлаш + юрак мушаклари деворини пластика қилиш + юрак қоринча ва бўлмачалари ичидан ивиб қолган тромбни олиб ташлаш ҳамда бўлмачалар хилпиллаши (РЧА), мураккаб юрак етишмовчилиги, дилятацион кардиомиопатияда ресинхрозирловчи терапияни амалга ошириш (СРТ) каби жарроҳлик операциялар ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, марказнинг “Электрофизиологик текширувлар ва юрак ритми бузилишларининг мураккаб турларини хирургик даволаш” бўлимида:

- электрокардиостимулятор имплантацияси;

- юрак ресинхронлаштирувчи қурилмалар (СRT-D ва CRT-P) имплантацияси;

- ҳаётга хавф солувчи қоринчалар аритмияларда ИКД имплантацияси;

- чап бўлмача қулоқчасига окклюдер имплантацияси;

- юрак ичи электрофизиологик текширувлари;

- бўлмачалар ёэкстрасистолияси радиочастотали абляцияси амалиёти;

- қоринчалар экстрасистолияси радиочастотали абляцияси амалиёти;

- WPW синдроми радиочастотали абляцияси амалиёти;

- бўлмачалар тахикардиясининг радиочастотали абляцияси амалиёти;

- атриовентрикуляр тугунли реципрок тахикардияларнинг (АВТРТ) радиочастотали абляцияси каби юқори технологик амалиётлар бажарилмоқда.