Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энергетика тизими мутасаддиларидан кўнглим қолган

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вилоятимиздан 16 нафар депутат (аксарияти ёшлардан иборат) сайланган. Уларга ўтган даврдаги фаолияти юзасидан айрим саволлар билан мурожаат қилганмиз.

Ёшлардан фарқли ўлароқ, узоқ йиллар таълим тизимида ишлаган Музаффара АБДИЕВА қисқа фурсатда саволларимизга жавоб қайтарди. Қуйида суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Музаффара опа, Қонунчилик палатасида бошқа депутатларга нисбатан ёшингиз катталиги ва бутун фаолиятингиз давомида мактабда ишлаб, профессионал қонун ижодкорига айланганингиз қандай кечди?

- Аслида бу савол мени Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган кунимдаёқ ўйлантирган. Ҳатто бир неча кун тушкунликка тушиб қолганим ҳам рост. Халқ ноиби деган юкнинг ниҳоятда оғирлигини қалбан ҳис этиб, ўта масъулиятли вазифани уддалай олармиканман, деган бир ҳадик мени қийнарди.

Депутат сифатида илк қатнашган тадбирим давлатимиз раҳбари раислигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан ўтказилган йиғилиши бўлди. Ушбу йиғилишда Президентимиз айтган гаплари менга куч, ишонч берди. Шу йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг таркиби таҳлил этилганда, гендер тенглиги бўйича уларнинг 48 нафари аёл киши эканлиги қайд этилди.

Ёш депутатлардаги шижоат ва қатъиятни тан оламан, шу билан бирга ёши нисбатан каттароқ депутатларнинг ҳаёт тажрибаси қонун ижодкорлигида қўл келяпти, деб айта оламан. Аслида қабул қилинаётган қонунлар ҳаётимизда учраётган муаммолардан келиб чиқиб ёки турмушимизни яхшилашга салбий таъсир этаётган бюрократик тўсиқларнинг олдини олишга, умуман халқимизнинг фаровон яшашига қаратилади. Яъни, кўп йиллик педагогик, ҳаётий тажриба профессионал қонун ижодкори сифатида менга фақат фойда беряпти, деб ўйлайман.

- Ўтган давр мобайнида сайловчиларингизнинг қандай аниқ муаммоларини ҳал қилиб беролдингиз? Қандай ҳолларда депутатнинг ҳам қўли калталик қилиши сизга оғир ботган?

- Бир қанчасини санашим мумкин. Тадбиркор Акрам Худойқулов қарийб 2 йилдан буён “Феруза кичкинтойлари” давлат-хусусий шериклик асосида қурилаётган мактабгача таълим ташкилоти учун имтиёзли кредит ололмай, бино қурилиши тўхтаб қолган эди. Масалага аралашганимиздан сўнг, тадбиркорга имтиёзли кредит ажратилди.

Бундан ташқари, фуқаро Раҳматовнинг мурожаатига асосан Оқолтин маҳалласидаги кўчага оптик тола тортилиб, интернетга уланди. Пахтачи маҳалласи фуқароларининг мурожаатига асосан маҳалланинг барча кўчаларига янги симёғочлар, ҳаво линияси ва трансформатор ўрнатилди.

Иш ҳақи тўланмаганлиги, оилавий келишмовчиликлар ва бошқа масалалардаги муаммолар мутасаддилар билан биргаликда ҳал этилди.

Тўғри, ҳали сайлов округимда ечимини кутаётган муаммолар кўп. Айтайлик, туманда 127 та мактабдан қанчасида ўқувчилар 2 навбатда ўқийди, 49 та мактабда спорт зал, ярмидан кўпроғида ўқувчилар учун ошхона йўқ.

Бу борада Халқ таълим вазирлиги билан доимий мулоқотдаман. Барчаси маблағ, ресурслар билан боғлиқлиги боис муаммони ечишга депутатнинг ҳам қўли калталик қилиб қолиши инсонга оғир ботади.

- Парламент депутати сифатида қайси ташкилотлар фаолияти сизда салбий таассурот қолдирди? Нима учун?

- Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар дейиш мумкин. Юртимизга ноябрь ойида совуқ тушиши билан телефоним жиринглашдан тўхтамади, “свет йўқ, ёрдам қилинг” деган ёзма, оғзаки мурожаатлар тўхтовсиз келиб турди. Албатта, мутасаддиларга чиқаман, улардан «қаердадир эски сим узилибди ёки авария содир бўлибди, тезда бартараф этамиз», деган жавобни оламан.

Баъзида бу узилишлар 1-2 кунга чўзилади. Агар қиш ғамини ёзда еб, мутасаддилар тизимдаги муаммоларни эртароқ ҳал қилиб қўйганларида, аҳоли ноябрь ойида электр энергияси таъминотидаги муаммолар сабаб бунчалик азият чекиб қолмасди.

- Шу пайтгача айнан сиз томонингиздан билдирилган қандай таклифлар қонунларда  ёки лойиҳада ўз аксини топди?

- Давлат дастури лойиҳаси муҳокама қилинаётганда маҳалла фуқаролар йиғини раисини сайлашда адолат ва ошкоралик тамойилларига амал қилиш нуқтаи назаридан фақат маълум бир таклиф этилганлар томонидан эмас, балки маҳалла фуқароларининг кўпчилиги ва вақти ҳам ҳисобга олиниши керак, деган таклифим инобатга олинди.

“Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ҳам бир қанча таклифлар бердим. Айтайлик, “давлат таълим муассасаси-давлат бюджетидан молиялаштириладиган...” деган жумлаларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳам бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш лозимлиги тўғрисидаги таклифим билан “молиялаштириладиган” сўзлари олиб ташланди.

Бундай мисолларни кўплаб келтиришим мумкин.

- Қонунчиликка Самарқанд ёки айнан сизнинг сайловчиларингиз манфаатлари билан боғлиқ яна қандай таклифларингиз бор?

- Қабул қилинаётган қонунлар инсон манфаатига, шу жумладан, сайловчиларимиз манфаатига ҳам хизмат қилиши шарт.

- Сайловчилар манфаатидан келиб чиқиб юборган депутатлик сўровингизга мисол келтиринг. Натижаси нима бўлган?

- Халқ таълими вазирига Паст Дарғом туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш борасида депутатлик сўрови юбордим. Вазирлик томонидан жавобда тумандаги барча мактабларнинг аҳволи таҳлил қилинган ҳамда муаммолар босқичма-босқич инвестиция дастурлари орқали бартараф этилиши қайд этилган.

- Вақт ажратиб саволларимизга жавоб берганингиз  учун раҳмат!

Ё.МАРҚАЕВ суҳбатлашди.