Энергия ресурсларини тежаш умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилади
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саксон бешинчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.
Депутатлар, дастлаб вилоят аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларини 2023 йилда энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш юзасидан белгиланадиган вазифалар тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Ушбу масала юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари ўринбосари У.Назаров ва бошқа масъулларнинг ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, яқинда республика ишчи гуруҳи томонидан давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ўрганилган.
Ўрганишларда 2023 йилда вилоятда жами 574,1 миллион кВт.соат электр энергияси ва 376,5 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиш манбаи аниқланди. Вилоятда энергия тежамкорлик ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали белгиланган чора-тадбирларни бажариш натижасида электр энергияси истеъмоли 12 фоиз, табиий газ истеъмоли 15,9 фоиз иқтисод қилинади.
Бундан ташқари, 2023 йил учун вилоятдаги ҳар бир маҳалланинг электр ва газ хўжалигини 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатиш ҳамда бошқа техник тадбирлар бўйича режалари ишлаб чиқилди.
Жумладан, 229 та умумтаълим мактаби, 223 та мактабгача таълим, 71 та соғлиқни сақлаш муассасаси, шунингдек, 136 та иссиқхона хўжалиги, 4 та ғишт ишлаб чиқариш корхонаси, 4 та цемент заводи ҳамда 6 та оҳак ишлаб чиқариш цехи табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказилади.
Юридик ва аҳоли истеъмолчиларга қуёш фотоэлектр станциялари ва гелиоколлекторларни ўрнатиш натижасида 64,7 миллион кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Маҳаллий кенгашлар билан биргаликда доимий равишда вилоятда энергия ресурсларини тежашни умуммиллий ҳаракат даражасига кўтариб, «Энергия ресурсларини келажак авлодлар учун ҳам асрайлик» шиори остида тарғибот ишлари олиб борилади.
Мазкур масала бўйича вилоятимизда 2023 йил учун энергия тежамкорлик, электр ва газ хўжалиги объектларини 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда муқобил энергия манбаларини кенг жорий этишни таъминлаш мақсадида электр энергияси ва табиий газни иқтисод қилиш мақсадли кўрсаткичлари, куз-қиш мавсуми учун электр ва газ тармоқларини таъмирлаш режалари тасдиқланди.
Вилоятдаги кўча ёритиш қурилмаларининг 50 фоизини жорий йил якунига қадар, қолганини 2024 йил 1 июнга қадар қуёш панеллари ёрдамида ёритишга ўтиш белгиланди.
Сессияда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг 2023 йил 13 апрелдаги «Вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил иккинчи чорак даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан фойдаланиш тўғрисида»ги ва бошқа қарорлари тасдиқланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.