Самарқандда 22 минг гектар ўрмон билан қопланган минтақаларни кенгайтириш режалари ишлаб чиқилган

Олий Мажлис Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси сенаторлари Самарқанд вилоятида тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда ер деградациясига қарши курашиш борасида қўмита раиси, ишчи гуруҳ раҳбари Б.Тажиев иштирокида ўрганишлар олиб бормоқда.
Хусусан, вилоятнинг Нуробод, Қўшрабод ҳудудидаги яйловлар, чўл худудлари, ҳамда Пахтачи тумани Қарнаб ота ҳудудидаги чўл яйлов озуқабоб ўсимликлар уруғчилик майдонларининг ҳолати кўздан кечирилди.
Вилоятда 2022-2025 йилларда 117,6 минг гектар майдонда гумус миқдорини ошириш, 6,3 минг гектарда шўрланишни камайтириш, 94,8 минг гектар деградацияга учраган яйловларни камайтириш, 2 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларида иҳотазорлар барпо қилиш, 22 минг гектар ўрмон билан қопланган минтақаларни кенгайтириш режалари ишлаб чиқилган.
Бунинг учун деградацияга учраган қишлоқ хўжалиги ерлари тупроқ сифатини яхшилаш ва унумдорлигини оширишда тупроқ муҳитини меъёрлаштиришда янги технологиялар қўлланилади. Яйловлардан оқилона ва самарали фойдаланиш тизимини такомиллаштириш ҳамда деградация жараёнларининг олдини олиш учун яйловларни сақлаш, тиклаш ва кўпайтириш, яйловларнинг биохилма-хиллигини баҳолаш ва иқлим ўзгаришига таъсири ўрганилади.
Шунингдек Ишчи гуруҳ, мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда мутахассислар билан яйловларда геоботаник тадқиқотлар ўтказиш, деградацияга учраган майдонларни аниқлаш ҳамда уларнинг харитасини тузиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати, ўтказилган геоботаник тадқиқотлар натижасида яйловларнинг ҳолатини яхшилаш борасида фикр алмашди.
Бу борада узоқ ва кам фойдаланиладиган яйловларга борадиган дала йўлларини яхшилаш ёки янги йўллар очиш ҳамда инқирозга учраган яйловларни тиклаш мақсадида, озуқабоп ўсимликларни бирламчи уруғчилик майдонларини ташкил этиш орқали яйловларни яхшилаш бўйича таклифлар берилди.
Ўрганиш давом этмоқда.