Ереванда намойишчи аёллар ҳибсга олинди

Арманистон пойтахтида Бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилаётган 15 киши полиция томонидан ҳибсга олинди, дея хабар берган Арманистон полицияси матбуот хизмати.

Акцияни "ВЕТО" ижтимоий-сиёсий ҳаракати аъзолари саналган аёллар ташкил этган. Улар ҳукумат биносига киришга уринган, полиция қуршовини бузган, шунингдек, ҳукумат биносига тухум ва қизил чиннигуллар отишган.

Шундан сўнг ҳибсга олишлар бошланган. Ҳибсга олинганларнинг аксарияти аёллардир.

Маълумот ўрнида: Арманистондаги сиёсий инқироз мамлакат Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий можароларда Озарбайжондан енгилганидан бери давом этяпти. Инқироз февраль ойи охирида Арманистон Қуролли Кучлари Бош штаби Пашиняннинг истеъфосини талаб қилгач, кескинлашди.

28 март куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бўлажак парламент сайловлари фонида истеъфога чиқишини эълон қилди. Сиёсатчи Арманистон халқи кимни танласа, ўша шахсга ҳокимиятни топширишга тайёр. Пашинян сайловда ўз номзодини қайтариб олмоқчи эмас. Республикада парламент сайловлари жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтади.