Норозилик намойишларидан сўнг Исроилда суд-ҳуқуқ ислоҳоти тўхтатиб қўйилиши айтилмоқда
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху жамиятда бўлиниш ва бутун мамлакат бўйлаб норозиликларга сабаб бўлган суд-ҳуқуқ ислоҳотини тўхтатишга чақирган мудофаа вазири Йоава Галлантни ишдан бўшатгач, минглаб намойишчилар полиция қаршилигини ёриб ўтиб, Нетаньяхунинг Қуддусдаги қароргоҳига киришган, деб ёзади Jerusalem Post.
Бир кун олдин мудофаа вазири телевидение орқали халққа мурожаат қилиб, унда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давлат хавфсизлигига таъсиридан хавотир билдирган, чунки кўплаб ҳарбийлар норозилик сифатида армияда хизмат қилишдан бош тортган. Бундай хизматчилар орасида элита бўлинмалари ва ҳаво кучлари учувчилари ҳам бор.
Мудофаа вазири Галант ҳукуматни суд-ҳуқуқ ислоҳотини тўхтатишга чақирган биринчи асосий вазир бўлди. Ҳар икки вазирнинг баёнотларини эса жамиятдаги кескин норозилик кайфиятига қарши ҳукмрон коалиция ичидаги бўлиниш бошланиши сифатида баҳолаш мумкин.
Аввалроқ Исроилда суд-ҳуқуқ ислоҳотларига қарши норозилик ҳаракати ташкилотчилари бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли норозилик намойишларини назарда тутувчи “фалаж ҳафтаси”ни эълон қилган эди. Исроилликлар кетма-кет ўн иккинчи ҳафтадирки, суд-ҳуқуқ ислоҳотларига норозилик билдиришмоқда. Шанба оқшомига келиб, Тель-Авивдаги намойишларга қўшилганлар сони 200 мингга етган.
Нетаньяҳу ҳукумати томонидан таклиф этилган қонунлар тўплами Олий суд ваколатларини сезиларли даражада чеклаб, ҳукуматга судяларни тайинлаш устидан назоратни беради. Шунингдек, Исроилнинг Нью-Йоркдаги бош консули ҳам энди амалдаги ҳукуматни вакил қила олмаслиги сабабли истеъфога чиқишини маълум қилган, дейилади РИА новостида.
Бугун эса Исроил президенти Ицхак Герцог ҳам ҳукуматни бутун мамлакат бўйлаб норозиликларга сабаб бўлган суд-ҳуқуқ ислоҳотини қабул қилишни зудлик билан тўхтатишга чақирмоқда.