Эркин Комиловни ўз асарларига ошуфта этган ёзувчи
Тойлоқлик адиба Саломат Маматқулова қишлоқда туриб ҳам самарали ижод қилиш мумкинлигини ўз ҳаёти мисолида исботлаган ёзувчилардан. Ўтган давр мобайнида бешта роман, қисса ва ўнлаб ҳикоялар яратди.
С.Маматқулова ёзганини пеш қилиб, ҳар хил танлов ва давраларга ўзини уравермайди. Лекин вилоят бош кутубхонасида унинг ижодига бағишлаб ўтказилган "Қалбимдаги Ватан" номли тадбирга тумонат ижодкор йиғилди. Бу эса жамиятимизда қалби ва иши, ёзгани ва амали бир бўлган ижодкор қадрли эканлигини яна бир карра исботлади.
Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугал бошқарган анжуман ана шу кайфиятда ўтди.
- Саломатнинг чоп этилган асарлари ҳажми уч минг саҳифадан ортиқ, - деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев.- Айрим зиёлилар бир йилда битта бадиий китоб мутолаа қилаётган замонда бундай қаноат ва сабрга, маҳоратга таҳсин айтмоқ лозим. Бу асарларни ёзиш учун муаллиф юзлаб манбаларни ўқиб чиққан, ҳар бирини таҳлил қилган.
- Мен Саломатнинг деярли барча асарларини ўқиб бораман, - деди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. - Тархий мавзудаги асарлари ўзим ижро этадиган ролларни тўлдиришимда менга катта ёрдам беради. Ёзувчи синглимизнинг равон ва оддий тили, муносабатларни самимий ифодалаши асарларининг катта ютуғидир.
Тажрибали шоира ва таржимон Ҳамида Каримова С.Маматқулова насрий асарларининг тарбиявий, услубий қиммати ҳақида фикр юритди ва уларни аниқ мисоллар билан кўрсатиб берди.
Ушбу анжуманга ташриф буюрганлар чинакамига завқ олишди. Нафақат муаллиф асарлари аҳамияти, унинг юксак фазилатлари ҳақидаги Ҳамида Каримова, Раҳимжон Наим, Нормурод Карим каби Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг адиба китобларининг ғоявий-бадиий хусусиятлари, образлар силсиласи, ёзувчи маҳорати ҳақидаги илиқ мулоҳазалари, балки Тойлоқ тумани маданият бўлими санъаткорларининг дилбар қўшиқлари, тележурналист Дилбар Восееванинг эҳтиросли чиқишлари тўпланганларга ўзгача шавқ бахшида этди.
Адибанинг "Ҳукмдорнинг буюк армони"," Тақдирнинг шум кечмиши", "Ялангтўш тутган йўлбарс"," Қалбимдаги Ватан"китоблари хусусида ижобий фикрлар билдирилди.