Эркинлик – ўзбошимчалик эмас

Ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган бир пайтда, жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар тезлик билан кенг оммага тарқалмоқда. Шу орқали дунёда бўлаётган ҳодисалар, турли иқтисодий-ижтимоий жараёнлардан хабардормиз. Лекин айни дамда ижтимоий тармоқларда ёритилаётган баъзи хабар ва воқеалар кишининг ғашига тегади.
Яқинда ижтимоий тармоқларда кам таъминланган оилаларга берилган беғараз ёрдамга бир эркак ўзининг норозилигини билдирди. Афсус, бундайлар битта эмас. Ҳозирги кунда ички ишлар ходимларига, маҳаллий ҳокимият вакилларига бўлган муносабат тез-тез ижтимоий тармоқларда ёритилмоқда. Буларнинг ҳаммаси айрим одамларнинг маънавий дунёси торлиги, савияси пастлигидан даракдир.
Устозимиз профессор Мамаюнус Пардаев ўз китобида "Эркинлик ўзбошимчалик эмас", деган эди. Бундай бебошликларнинг ўрнига китоб ўқиб, тафаккуримизни чархлаб, фарзандларимиз, ука-сингилларимизга сабоқ берсак бўлмайдими?
Биласизми, дунёдаги энг ёш олим ким бўлган? У 1989 йилда Нью-Йорк шаҳрида туғилган Алия Сабурдир. У 2 ёшга тўлганда салоҳияти (IQ тест билан аниқлаганда) биринчи синф ўқувчисига мос келган, 10 ёшида мактабни тугатиб, Стони Брукдаги Нью-Йорк давлат университети талабаси бўлган. 17 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Дунёдаги энг ёш дастурчи 5 ёшли покистонлик Аян Куроши эканини биласизми? У дунёдаги энг юқори IQ тести эгаси бўлган. У ҳақдаги маълумотни ўқиб, ҳар бир киши мен шунча ёшга кирдим, ўзим учун нима қилдим, деган саволни бериши керак.
Ўрта асрларда яшаб ўтган буюк аждодларимиз, уларнинг тенгсиз илмий мероси, дунё тан олган асарлари, бундай натижага эришиш йўлида қилган меҳнатлари ҳақида батафсил ёритилган адабиётларни ёшларимиз нима учун билмайди ва боз устига ўқимайди? Аммо бизнинг аждодларимиз маънавий мероси ҳақида дунёнинг кўпгина мамлакатлари болалари билади. Уларнинг илмий асарларидан амалиётда асрлар давомида фойдаланиб келинади.
Биз миллий ўзликни англаш, тарихимизни тараннум қилиш бобида ҳам суст ишлаяпмиз. Бу ҳақда хорижда ўқиб ишлаётган тенгдошларимиз куйиниб гапиради. Ёшларда миллий ифтихор туйғуси бўлиши керак. Шундагина миллатни дунёга танитади. Биз эса кўп ҳолларда асосий вақтимизни ҳар хил “деди-деди”, “миш-миш”ларга сарфлаймиз.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган видеолавҳага қайтмоқчиман. Агар ўша, эҳсондан норизо кишида озгина билим бўлганида, орияти ҳам бўларди. Беғараз олган ёрдамни ҳаммага кўз-кўз қилиб, ўзини шарманда қилмасди.
Ҳозирги вақтда жамиятимизда вазият бутунлай ўзгарди. Кеча аудиторияда жонли мулоқот асосида ўтаётган дарсларимиз бугун масофавий шаклда олиб борилмоқда. Дастурга кўра бу иш шу йил айрим фанлар бўйича бошланиши керак эди. Аммо вазият шуни тақозо қилдики, бирданига ўтишга мажбур бўлдик. Энди бемалол мактаб ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ташкил этилаётган халқаро онлайн олимпиадаларда иштирок этишимиз мумкин. Буларнинг барчаси мамлакатда ижтимоий тармоқлардан турли майнавозликни кўрсатиш учун эмас, балки мақсадга мувофиқ тарзда, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишни тақозо қилади. Зеро, шу йўл билан талаба ва ўқувчилар ўз билимини қайта-қайта синаб кўради, хатоларини тузатиш имконига эга бўлади.
Севара БАБОНАЗАРОВА,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси.