"Эрлар таҳқирли-ю, шерлар занжирли"

Бугун таниқли шоир Мамарасул Бобоев таваллуд топган кун.

М.Бобоев 1911 йил 3 апрелда Каттақўрғон шаҳрида туғилган. 1931-1936 йилларда Самарқанд педагогика академиясининг ижтимоий фанлар факультетида, 1938 йилда Тошкент педагогика институтида ўқиган.
Дастлаб Булунғур районида ўқитувчилик қилган, кейинчалик Наманган педагогика билим юртида ва Тошкент мактабларида она тили ва адабиёт фанидан дарс беради.

1941-1946 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Кейинчалик, умрининг охиригача республика газета, журнал, нашриётлари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.
«Жанубий нуқтада», «Эрон дафтари», «Садоқат ҳақида» шеърлар туркуми ва бошқа китоблари нашр этилган.

У рус (М.Лермонтов, Н.Некрасов, Т.Шевченко, Н.Тихонов, К.Симонов), татар (М.Жалил), авар (Р.Ҳамзатов) шоирлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Мамарасул Бобоев 1969 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.
***
«ЗАНЖИРЛАНГАН ШЕР*»
“Занжирланган шер” Ў!.. кўзида ғазаб,
Атрофига “лаънат!..” дея боқади.
Агар эркин бўлса, қудрат шунчаки,
Зулм дунёсини тоғдай йиқади.

Қаршисида ҳоким чирик салтанат,
Жаллод кўзларидек манфур ва қонли.
Эрлар таҳқирли-ю, шерлар занжирли,
Фосиҳ ҳарамларда ҳайвоний ишрат...

У занжирли, демак, башар занжирли,
Қуллар қилган исён, зафар занжирли.
У занжирли, демак, шеър занжирли,
Меҳнат, ижод, севги, фикр занжирли.

Бу “Занжирланган шер” – мужассам бир халқ,
Бунда гавдаланар: меҳнаткаш деҳқон,
(Беллари дол бўлган омоч учидай),
Тоғ қазувчи, меъмор, қирдаги чўпон,
Виждон, қуёш бетли ҳақиқат ва ҳақ...

Бу “Занжирланган шер” – мужассам сиймо,
Бу – ошиқ Мажнундир, донишманд Фарҳод.
Бу – вафоли Ширин ва гўзал Лайло,
Бу – меҳрибон Шопур, аламли Беҳзод.

Бу “Занжирланган шер” – улуғ Алишер,
Минг йиллик билимнинг ўлмас қомуси.
Бир шерки, ҳаётга мангу келган эр,
Ҳаётбахш ва жўшқин шеър Амуси.
1939 йил.
***
Суратда Каттақўрғон шаҳар ижодкорлари акс эттирилган (1960 йиллар боши). Пастки қатор, чапдан - Файзулла Нуриллаев, 2-қаторда (чапдан) Тоҳир Каримов, Муқим Элмуродов, Мамарасул Бобоев, 3-қатор (чапдан) 1-С.Сирожиддинов.