Эрта никоҳ ҳолатлари асосан Самарқанд вилоятида қайд этилган

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган  брифингда «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти директор ўринбосари Ҳамид Абдураҳмонов маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Давлат статистика қўмитаси маълумотлари кўра, 2020 йилда 88 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилган. Таҳлиллар ўтган йилга нисбатан эрта никоҳлар сонининг 97,0 фоизга камайганини кўрсатди.

Бунинг асосий сабабларидан бири 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши тенглаштирилгани, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш бўлимлари томонидан фақат туман, шаҳар ҳокими томонидан никоҳ ёшини 1 йилга камайтиришга рухсат берилган никоҳлар қайд этилиши билан изоҳланади. Лекин амалиёт аксарият ҳолатларда эрта никоҳ яширин тусга эгалигини унутмаслигимиз керак.

Таҳлиллар эрта никоҳ ҳолатлари асосан Ургут, Самарқанд, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Денов, Шаҳрихон туманлари, Наманган, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида кўп қайд этилганини кўрсатди.

2020 йилда 1044 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилган бўлиб, 2019 йилга нисбатан 12,7 фоизга камайган. Аммо ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, эрта туғруқларнинг қарийб ярми, яъни 43,1 фоизи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари улушига тўғри келади.