Никоҳдаги аёлингиз хунук ва хулқи ёмон бўлса, асло ранжиманг!
Аллоҳ Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
«...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки), балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо сураси, 19-оят).
Оилавий муносабатлар ҳақида нозил бўлган ушбу оят тафсирида уламолар шундай деганлар: «Агар никоҳдаги аёлингиз хунук ва хулқи ёмон бўлса ва сиз бунга сабр қилсангиз, Аллоҳ сиз учун кўп яхшиликларни ато қилади. Яъни, Аллоҳ сизга кўзингизни қувонтирадиган фарзандлар беради ёки аёлингиз билан ҳамсуҳбат бўлганингиз учун охиратда улкан савобларга эга бўласиз» (Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ).
Аёлларга дин ва мусулмонларнинг одоб-ахлоқини ўргатинглар! Нафсингиз истамаса ҳам уларга гўзал муомалада бўлинглар! Уларнинг озорларига сабр қилинглар! Уларни оғир хизматга мажбурламанглар! Улар хижолат бўладиган ўринлардан кўзларингизни юминглар! (Абу Ҳафс Насафий раҳимаҳуллоҳ).
Ушбу Қуръоний таълимотнинг татбиқини Абу Абдуллоҳ Қураший раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётида кўрамиз. У маккалик обид, зоҳид ва фақиҳ сифатида танилган. Хусусан, унинг мусибатларга сабр қилиши зарбул-масалга айланган.
Тўртинчи ҳижрий асрда яшаган Абу Абдуллоҳ Қураший раҳимаҳуллоҳ хулқи ёмон ва тили аччиқ, вайсақи ва бақироқ аёл билан никоҳланган эди. Аёлининг бу ёмон хулқига 26 йил сабр қилиб яшайди. Чунки орада беш нафар фарзанд бор эди. Фарзандларининг тақдирини ўйлаб, Аллоҳдан савоб умидида сабр қилди. Аёлининг озорларидан ҳеч кимга шикоят қилмади.
Кунларнинг бирида Абу Абдуллоҳ Қураший раҳимаҳуллоҳ бир оз тин олиш мақсадида уйдан узоқлашишни мақсад қилди. Макка ташқарисидаги бир тоққа борди. У ерда дунё ташвишларидан воз кечиб, фақат ибодат билан машғул бўлган бир гуруҳ обидларни учратди. Абу Абдуллоҳ Қураший улар билан бирга бир неча кун яшашга қарор қилди.
Обидлар биринчи куни Аллоҳдан таом сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ уларнинг дуосини ижобат қилди. Бу ҳолат иккинчи ва учинчи кунлари ҳам такрорланди.
Абу Абдуллоҳ Қураший раҳимаҳуллоҳ бундан ҳайратга тушиб: «Сизлар Аллоҳдан нима сўрасангиз, дуоингиз шу заҳоти қабул бўлмоқда. Бунинг сабаби нимада? Менга ҳам ўргатинглар!», деди.
Шунда обидлар: «Биз Абу Абдуллоҳ Қураший деган одамни эшитганмиз. У аёлининг ёмон хулқига 26 йил сабр қилиб яшаб келмоқда. Биз дуо қилганимизда «Аллоҳим! Мана шу кишининг аёлига қилган сабри сабабли бизга ризқ бергин!», деб айтамиз. Аллоҳ таоло шу заҳоти дуоимизни қабул қилади», дейишди.
Қураший раҳимаҳуллоҳ бу сўзларни эшитиб, дарҳол уйига шошилди. Энди аёлининг озорларига сабр қилиш унинг лаззатли ибодатга айланган эди.
Аёлларнинг баъзи камчиликларига сабр қила олмайдиган эркакларга юқоридаги оятни яна бир бор ўқишни тавсия қиламиз:
«...Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки), балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо сураси, 19-оят).
Балки аёлингиздаги сиз ёқтирмаган хислатда сиз учун кўп яхшиликлар, ҳа, бир эмас, кўп яхшилик яширингандир.