Ертўла ва “гараж”да жон сақлаётган маиший хизмат

Тасаввур қилинг, Самарқанд шаҳрига келган сайёҳлардан бирининг қимматбаҳо қўл соати бузилиб қолди ёки кимдир шунчаки сочини турмакламоқчи. Хўш, улар кимга ёки қаерга мурожаат қилади? Қимматбаҳо соатни таъмирлаш вақтида сифати бузилмаслиги ёки соч турмаги меҳмонга ёқишига кафолат берадиган, лозим бўлса, жойига чиқиб хизмат кўрсатадиган профессионал маиший хизматимиз борми? Биз-ку ўрганиб қолгандирмиз, аммо овлоқдаги “бўтка”га унча-мунча сайёҳ юрак ютиб бормаслиги аниқ.

Туризмнинг оғриқли нуқтаси

Айни саволлар билан бир нечта номи “улуғ” меҳмонхоналарга мурожаат қилдик. Бири бу борада меҳмонларга ёрдам бера олмаслигини айтса, бошқалари уларга хизмат кўрсатиш учун ўз танишларини чақиришини маълум қилди. Яъни, сайёҳларга ҳеч қандай шартнома ва кафолатларсиз, шунчаки, ишонч асосидаги оғзаки келишув бўйича маиший хизмат кўрсатилади. Агар ўша “таниш” меҳмоннинг бир неча минг долларлик буюмини бузиб қўйса-чи?..

- 5 йилдан бери меҳмонхона бизнесидамиз, ҳали бунақа саволни эшитмаган эдик, - дейди Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналардан бирининг иш юритувчиси. – Тўғри, мижозларимиз тез-тез у ёки бу хизматдан фойдаланиш истагини билдиради. Биз уларга имкон қадар шундай хизматлар кўрсатиладиган манзилларни аниқлаб берамиз. Лекин бу борада ишончли тизим йўқ. Кўчада кўрсатилган хизматнинг сифатидан нолиб келган меҳмонлар ҳам бўлади. Айтиш мумкинки, Самарқанддаги туризмнинг энг оғриқли нуқтаси айнан маиший хизмат соҳаси ҳисобланади.

Мавзу бўйича маълумот тўплашга ҳаракат қилдик. Солиқ бошқармаси ўзини ўзи банд қилганлар статистикасидан бошқа маълумотни бера олмади. Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг асосий вазифаси эса аҳолини иш билан таъминлаш. Улар учун қанча иш ўрни яратилгани муҳим, сифат эмас. Охирги умид - вилоят туризм бошқармаси ҳам бу йўналишда маълумот бера олмади. "Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанддаги саммити олдидан ташриф буюрувчиларга профессионал маиший хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш бўйича ишлар бошланган эди, аммо у ҳам якунига етмай қолди", дейди масъуллардан бири. Гап республиканинг чекка бир қишлоғи эмас, туризм шаҳри ҳисобланмиш Самарқанд ҳақида кетяпти. Бу ерда вазият шундай бўлса, бошқа жойларни тахмин қилаверинг.

 Этикдўзни “гараж”дан, тикувчини ертўладан топасиз

Фикримизга эътироз билдириб, ҳар қадамда гўзаллик салони, автомобиль ва телефон устахоналари бор, соҳа ривожланиб боряпти, дейишингиз мумкин. Бир қарашда шундай. Бироқ сон сифатни англатмайди. Ўша сиз айтаётган хизмат кўрсатувчиларнинг нечтаси лицензия, диплом ёки малака кўрсаткичига эга, ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Кўрсатилаётган хизматлар сифатли бўлиши ёки саломатлигимизга зарар келтирмаслигини ким кафолатлаяпти?

Қолаверса, маиший хизмат фақат гўзаллик салони-ю телефон устахонаси, дегани эмас. Инсон ҳаёти давомида пойабзал таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника устачилиги, соатсозлик, кимёвий тозалаш, мебелсозлик, фотоускуналар устахонаси каби 50 дан зиёд хизматлардан фойдаланади. Булар юқоридаги иккитаси сингари кўп даромадли бўлмаса-да, аҳамиятлилиги жиҳатидан орқада эмас. Энди ўзингизга савол беринг, бугун уларни қаердан топса бўлади? Ҳа, пойабзал таъмирловчилар асосан гараж ёки кўздан панароққа ўрнатилган “бўтка”чаларда, “ателье”лар ертўлада, соатсозлар бирор дўконнинг 2х2 метрлик бурчагида ўтиради. Бошқа иложи ҳам йўқ, топадиган даромади бундан ортиқ шароитни “кўтармайди”. Шу боис ҳам соҳада профессионаллар кам, шу боис ҳам сайёҳларга маиший хизматимизнинг сифати билан мақтана олмаймиз.

— Илгари шаҳар марказидаги “Зебо” савдо мажмуасининг ертўласида устачилик қилардим, - дейди пойабзал таъмирловчи Ботир Қорабоев. – Мажмуадаги ижара ҳақи қимматлашиб кетгач, “гараж”га кўчиб ўтишга мажбур бўлдим. Бу ер қишда совуқ, ёзда иссиқ. Шунга қарамай, 10 йилдан бери ишлайман. Кунлик 50-60 минг сўм даромад билан шароит яратиб бўлмайди. Ўзим II гуруҳ ногирониман, бошқа ишга ярамайман.

Ботир устани шу атрофда яшовчи ва ишловчи барча танийди. Боиси, унга кўп бора ишлари тушган. Кимдан сўрасак, уни ўз ишининг устаси, инсофли одам, деб таърифламоқда. Аммо у ишлаётган муҳит бу таърифларга мос эмас.

 Соҳага оид ҳужжатлар янги қонунларга зид

Тизимга оид асосий ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси аҳолисига маиший хизмат кўрсатиш қоидалари ҳисобланади. 1995 йил 12 октябрда қабул қилинган бу ҳужжатга сўнгги марта 2022 йилда унчалик жиддий бўлмаган ўзгартиришлар киритилган ва у кўп вазиятларда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга зид. Мисол учун, қоидада мураккаб уй-рўзғор техникасини тузатиш хизмати учун буюртмачи хўжалик юритувчи субъект билан келишилган, аммо 15 фоиздан кам бўлмаган миқдорда олдиндан ҳақ тўлайди. Мебелни тайёрлаш ва тузатиш, уй-жой ва турар жой бўлмаган биноларни тузатиш ва қуриш, пойабзал тайёрлаш ва якка тартибда кийим тикиш бўйича хизматлар учун буюртмачи буюртмани расмийлаштиришда иш қийматининг 50 фоизи миқдорида аванс тўлаши керак, деб белгиланган. Қонунга кўра эса товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги келишувга биноан белгиланади, дейилган. Бунга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Қарорда бугунги кунда мавжуд бўлмаган ташкилот - Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ҳудудий уюшмаси ҳам бор. Бир вақтлар минглаб соҳа вакилларини бирлаштирган ва ҳар бир туман ва шаҳар марказидаги маиший хизмат кўрсатиш уйлари (домбыта)ларни бошқарган тузилма тугатилганига кўп йиллар бўлди. Аммо соҳани тартибга соладиган бошқа ваколатли орган ташкил этилмади. Шундай бўлса-да, биз сўраб-суриштириб, уюшманинг излари, аниқроғи, бугунги кундаги вазифадошини топдик.

- Уюшма тугатилгач, 2005 йилда унинг вилоят бўлимини “Сам маиший сервис” бирлашмаси шаклида қайта рўйхатдан ўтказдик, - дейди бирлашма раҳбари Фароғат Абдиева. – Фақат ваколату имкониятларимиз қисқарди. Бугунги кунда вилоятда расмий фаолият юритаётган 15 мингдан зиёд маиший хизмат шохобчалари бўлса, бирлашмага бор-йўғи уларнинг 5 фоизи аъзо бўлган. Ташкилотимизнинг асосий вазифаси аъзоларимизнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни соҳага оид сўнгги янгиликлардан хабардор қилиб боришдир. Бундан ташқари, аъзолар билан меҳнат шартномаси ҳам тузилиб, уларга иш стажи ҳисобланиши таъминланади.

Фароғат Абдиеванинг таъкидлашича, пандемия вақтида маиший хизмат кўрсатишга оид янги қоидалар лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ўз навбатида, бирлашма ҳам айни ҳужжат учун ўз таклифларини берган. Лекин у ҳам номаълум сабабларга кўра тасдиқланмай қолган. Бугунги кунда савдо, хизмат кўрсатиш ва ишларни бажаришга оид деярли барча соҳалар тегишли қоидалар билан қамраб олинган. Фақат аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳаси бундан мустасно. Шу сабабли низоли ва ихтилофли вазиятлар юзага келганда, уларни ҳал қилиш мушкул бўлмоқда.

— Ҳозир соҳада на маҳсулотнинг олди-сотди баҳоси, на режа ва на тартиб бор, - дейди Ф.Абдиева. – Масалан, шу кунларда ҳар ерда кўп қаватли бинолар қуриляпти, лекин уларнинг ҳудудида деярли бирорта маиший хизмат тури учун жой ажратилмайди. Ерлар олдиндан эгаллаб бўлинган. Оқибатда ўша ерда яшаётган одамлар ўзига керакли хизматни излаб, узоқроқ жойга боришга ёки атрофидаги малакаси йўқ шахсларнинг хизматидан фойдаланишга мажбур. Жой бўлмагач, шароит бўлмагач, маиший хизматчи ҳам расмий ишлашни хоҳламайди. Бу муаммо тўғридан-тўғри одамларнинг ҳаёт сифати ёмонлашишига, қолаверса, миллий туризмнинг оқсашига олиб келади.

 

Соҳани ривожлантириш учун нима қилиш керак?

Фароғат Абдиева бунинг учун биринчи навбатда, соҳага оид қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ҳамда унда туризм ривожланган давлатлар тажрибасини қўллаш керак, деб ҳисоблайди. Хусусан, янги ҳужжатда маиший хизмат кўрсатишга оид барча соҳаларда шартнома ёки квитанцияни расмийлаштириш, буюртмани бажаришда мувофиқлиги тасдиқланган материаллардан фойдаланиш, материал ва хизмат кўрсатиш шакли ҳақида истеъмолчига маълумот бериш каби амалиётлар қонун даражасида мустаҳкамланиши керак. Аммо биз назорат эмас, тартиб ўрнатилиши ҳақида гапиряпмиз. Юртимизда бозор иқтисодиёти муҳитини яратмоқчи эканмиз, масалага раҳбарлик кўзи билан эмас, иқтисодчи сифатида назар солишимиз керак. Тўғри, айни кунда ўзини ўзи банд қилганлар, тадбиркорликни йўлга қўйганларга кўплаб солиқ имтиёзлари ва бошқа енгилликлар бериляпти. Бироқ бу айнан маиший хизмат соҳасининг ривожланиши, туризм мамлакатига мос босқичга чиқиши учун етарли эмас. Агар тескариси бўлганида, бу мақола ёзилмас эди.

Ҳозир соҳадагиларнинг катта қисми ўзини ўзи банд қилганлардир. Яъни, улар истаган шаклда ва жойда фаолият юритади. Бу шартномавий муносабатларни тартибга солишни ҳам қийинлаштиради. Бундан ташқари, кузатишларимиз аксарият хизмат кўрсатиш шохобчалари кундузи соат 10:00 дан кечки соат 17:00 гача ишлашини кўрсатмоқда. Оқибатда доимий иш билан банд аҳоли қатлами улардан фойдаланиш учун дам олиш кунларини сарфлашга мажбур бўляпти. Бу ҳам турмушнинг оғирлашишими?

Бундан ташқари, соҳада юқорида тилга олинган муаммолар сабабли турғунлик йўқ. Бир жойда очилган шохобча икки ойга бормай ёпилади. Биз англаган сабаб иккита. Биринчиси, фаолият мувофиқлиги, таҳлили йўқ, яъни бир ҳудудда бир нечта бир хил турдаги хизмат кўрсатувчилар яхши даромад қила олмайди. Иккинчидан, соҳага кириб келганлар унда ўзининг келажагини кўра олмаяпти. Боиси, ҳали бу соҳа вакилларининг малака ва маҳоратини баҳолаш тизими йўқ. Нари борса, "яхши сартарош экан", деб қўямиз. Лекин унинг ростдан ҳам ўз ишинг устаси эканлигини жамоатчилик билолмайди.

Таклифимиз, маиший хизмат соҳасини рақамлашириш керак. Бу хоҳ веб-сайт, хоҳ мобиль илова бўлсин, унда ким ва қаерда қандай хизмат кўрсатиши, алоқага чиқиш усуллари кўрсатилиши, ҳар бир фойдаланувчи хизмат кўрсатувчининг маҳорати, муомала маданияти, қонунларга итоаткорлигини баҳолаши мумкин бўлсин. Шу орқали бир нечта муаммоларга чек қўйган ва табиий равишда соҳанинг янги ривожланиш босқичини бошлаб берган бўламиз. Агар мазкур илова бир нечта тилда юритилса, ундан сайёҳлар ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, туризм ҳақида гапиришдан олдин сайёҳлар учун етарли шароит яратиб қўйишимиз керак. Нафақат туризм келажаги, балки шу юртдаги ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифати бевосита маиший хизмат сифатига боғлиқ. Тўғри, ҳозир соҳа қўллаб-қувватлаш ва бепул рекламага муҳтож. Агар унга ёрдам қўли чўзилса, натижа узоқ куттирмаслиги аниқ.

Асқар Баротов.