Ертўлада қуён боқиш технологиясини биласизми? Бу иш орқали йилига 120 миллион сўм қўшимча пул топиш мумкин

Қуён боқишнинг мазкур усулида энергия ресурсларидан умуман фойдаланилмайди. Жорий йил вилоятда 300 та хонадонда шу усул орқали одамларнинг бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш режалаштирилган.

Ертўла қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини ҳисобга олсак, бунда электр энергиясига ҳам, газга ҳам эҳтиёж йўқ. Бу қуёнларнинг яхши етилиши ва улғайиши учун айни муддао. Сабаби, қуёнлар табиатда ҳам ер остига ин қуриб кўпаяди. Шу жиҳатдан буни қулай технологиялардан бири дейиш мумкин.

Қўшработ туманининг Қийқим маҳалласида маҳаллий ҳокимлик ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда лойиҳанинг дастлабки босқичи йўлга қўйилган.

Айни пайтда Қўшработ туманида пресс-турда бщлиб турган журналистлар туман ҳокимлиги масъуллари ҳамроҳлигида Қийқим маҳалласида ташкил этилган ертўлада қуён боқиш технологиясига асосланган инновацион қуёнхона лойиҳаси билан танишди.

"Қўшработ ноёб қуёнлари" МЧЖ раҳбари Руслан Рашидовга кўра,  - Мазкур лойиҳа бўйича ертўла-қуёнхона узунлиги беш, эни икки метр бўлади. Битта ертўла 26 бош қуёнга мўлжалланган бўлиб, махсус тунукалар билан ёпилиб, томнинг ички томони минерал вата билан қопланади. Бу тунука қизиб кетишидан сақлайди. Шунингдек, ертўла ичига сув ва ем-хашак учун махсус идишлар ҳам ўрнатилади. 

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу инновацион қуёнхонадан йил давомида 1,5-2 тоннагача гўшт олиш мумкин. Мазкур қурилма барча жиҳозлари ва қуёнлар билан бирга 33 миллион сўмга тушади. Агар унда икки тонна гўшт етиштирилишини, ҳозирги кунда бозорда тирик қуён килограми 30 минг сўм. Мазкур инновацион қуёнхонада йил давомида 120 миллион сўмлик қуён гўшти етиштирилади. Шунинг 60 миллион сўми харажатларга кетса, 60 миллион сўм оилага соф фойда сифатида қолади. Янада аниқроғи, оила ҳар ойда мана шу юмуш эвазига беш миллион сўмдан даромад қилади.

Мазкур лойиҳа доирасида қуёнхоналар республика қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси ва "Қўшработ ноёб қуёнлари" МЧЖ билан ҳамкорликда кредитга қуриб берилмоқда. Қуёнлар ва озуқа масаласи ҳам ассоциация зиммасида. Аҳоли хонадонида кўпайтирилган қуёнларни ҳам ассоциация сотиб олади. Шу мақсадда туманда марказлашган кушхона ва ўқув маркази ташкил этилади. Ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Аслида қишлоқ жойларда қуённи бундай усулда кўпайтириш қийин эмас. Чунки ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси бор, уларда қуён учун озуқани ўзлари ҳам етиштириши мумкин. Ҳозирда Қийқим маҳалласидаги 10 та хонадонда шундай қуёнхоналар ташкил этилган.